Logo

Франциядан муносабат: Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти жуда истиқболли ва самарали кўринмоқда

Декабрь 14, 2023. 12:19 • 3 дақ

1276
Франциядан муносабат: Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти жуда истиқболли ва самарали кўринмоқда

ПАРИЖ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонасида «Business France» агентлиги, «Dualest» компанияси ва AFOR ассоциацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишлаган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Франция сайёҳлик компаниялари, ишбилармон ва маданий доиралари вакиллари иштирок этди.


Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев, «Dualest»  компанияси тижорат директори Софи Ланфранши ва AFOR ассоциацияси раҳбари Навбаҳор Ханиязова ўз маърузаларида Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти ҳақида сўзлаб бердилар.


Ҳар йили Ўзбекистонга миллионлаб хорижий сайёҳлар ташриф буюриши таъкидланди. Уларни Ўзбекистоннинг гўзал табиати, ўрта асрларга оид мусулмон меъморчилигининг улуғвор обидалари, гастрономияси, ўзбек халқига хос меҳмондўстлик ўзига фаол жалб этаётгани қайд этилди.


Франция Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони бўйича Европа давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Мамлакатларимизни Париждан Тошкент ва Урганчга «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан 30 йилдан буён амалга ошириб келинаётган тўғридан тўғри ҳаво қатновлари боғлаб туради.


Тадбир доирасида Франция иқтисодий дипломатияси воситаларидан бири - «Business France» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган «French Tourism Days 2024 - Ouzbékistan» («Француз туризм кунлари 2024 – Ўзбекистон») дастури тақдим этилди.


Ушбу дастур сайёҳлик ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи ҳамда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси бозорига чиқиш, маҳаллий ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, «ноу-хау», инновацион ечим ва маҳсулотларни таклиф этиш, мамлакатимиз туризм экотизимини ривожлантириш учун таклифлар бериш истагида бўлган француз компаниялари учун мўлжалланган.


Дастур доирасида Урганч, Хива, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳатлар уюштириш ҳамда ташриф буюрилган ҳар бир шаҳарда потенциал маҳаллий ҳамкорлар билан В2В форматида учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа туризмнинг турли йўналишларини, жумладан экотуризм, меҳмонхона бизнеси, этнотуризм, музей бошқаруви, туроператорлар учун дастурий таъминот, бронь қилиш, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш сингари муҳим жабҳаларни ўз ичига олади.


Тадбир иштирокчилари «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига ўз баҳоларини бериш баробарида, ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

«Eurotel» компаниясининг Нант шаҳридаги вакили Франсуа Барре:


– Бугун мамлакатингиз элчихонасида бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал ривожланаётганини кўрсатди. Бу маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш учун мўлжалланган меҳмонхона инфратузилмасига ҳам тегишли. Компаниямиз меҳмонхона саноатида консалтинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Биз «French Tourism Days 2024 - Ouzbékistan» дастури доирасида меҳмонхоналарни такомиллаштириш, хусусан, Европа, Осиё ва Америкадан келаётган хорижий сайёҳлар учун хавфсизликни таъминлаш ва қулайликларни ошириш каби масалалар бўйича таклифларимизни тақдим этишни режалаштиряпмиз.

Лион  шаҳри метрополисига кирадиган Венисьё коммунаси мэри ўринбосари София Брик:


– Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти жуда истиқболли ва самарали кўринмоқда. Франциялик сайёҳларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда. Улар Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларни кўришни хоҳлайди.


Мен Лион шаҳрининг коммуналаридан бири вакилиман. Маълумки, Лион ва Самарқанд шаҳларлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Лион тарихан француз ипакчилик саноатининг маркази ҳисобланади. Самарқанд Ғарб ва Шарқ цивилизацияларини боғловчи Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган энг муҳим шаҳардир. Биз шаҳарларимиз ўртасида Лион ва Самарқанд аҳолиси манфаати учун турли соҳаларда, жумладан, маданият, сайёҳлик алмашинуви бўйича ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз.

«Dualest» компаниясининг ривожланиш бўйича директори Софи Ланфранши:


– Бугун мамлакатингизнинг Париждаги элчихонасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти муваффақиятли тақдим этилди. Тақдимотда Париж ва Франциянинг турли ҳудудларидан сайёҳлик саноати ва турли тегишли тузилмалар вакиллари иштирок этди.


Ўзбекистонда кўплаб сайёҳлик жойлари, ўрта асрларга оид меъморчилик обидалари, музейлар, истироҳат боғлари мавжуд.


Менимча, хорижлик сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш учун ўзбек мутахассислари, меҳмонхона хўжаликлари, туроператорлари учун Франциянинг туризм соҳасидаги тажрибасини ўрганиш фойдали бўлади.


Бугун биз «French Tourism Days 2024 - Ouzbékistan» дастурини тақдим этдик ва бундан жуда хурсандмиз. Бу дастур Франция туризм соҳаси мутахассисларига ўзбекистонлик бўлажак шериклар билан учрашиш, ҳамкорлик бўйича ўз таклифларини илгари суриш, сайёҳлик гуруҳларини қабул қилиш бўйича тажриба алмашиш, меҳмонхона инфратузилмаси ва бошқа соҳаларни модернизация қилиш имкониятини тақдим этади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш