Logo

Японияда ўзбек миллий таомлари тақдимоти ўтказилди

Ноябрь 24, 2025. 11:25 • 2 дақ

212
Японияда ўзбек миллий таомлари тақдимоти ўтказилди

ТОКИО, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Юртимизнинг бой маданияти меросини Японияда кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимизнинг Токио шаҳридаги элчихонасида ўзбек миллий таомларига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда кунчиқар мамлакатнинг маданият ва санъат йўналишидаги йирик медиа компанияларидан бири "Hearst Fujingaho Co., Ltd." президенти ва унинг таркибидаги таҳририятлар бош муҳаррирлари иштирок этди.

Тақдимотда элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов юртимизнинг маданий мероси, санъати ва миллий таомлари ҳақида маълумот берди. 2025 йил маданий соҳада жуда ҳам сермаҳсул ва аҳамиятли бўлгани, хусусан, Ўзбекистон Осака шаҳрида бўлиб ўтган "ЭКСПО–2025" халқаро кўргазмасида ўз миллий павильони билан қатнашганини таъкидлади.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида мамлакат тарихида биринчи маротаба замонавий санъат бўйича минтақадаги энг йирик тадбир "Бухоро биенналеси" ўтказилгани ҳамда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг тарихий 43-сессияси бўлиб ўтганини қайд этиб, бу мамлакатимизнинг халқаро майдондаги эътибори ва нуфузи ошаётганидан далолат эканини эътироф этди.

Шунингдек ўқинг

Ўз навбатида "Hearst Fujingaho Co., Ltd." президенти Николас Флокуэ Японияда Ўзбекистон маданий мероси, миллий анъаналари ва санъатига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани, хусусан, медиа компания муҳаррирлари томонидан жорий йилда икки маротаба юртимизга ташриф буюрилиб, "Esquire" ва "Harper’s Bazaar" журналларида бир қанча мақолалар чоп этилганини мамнуният билан таъкидлади.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистон миллий таомлари ҳақида батафсил тақдимот кўрсатилди. Унда миллий таомларимиз шаклланиш тарихи, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлик анъаналари, турли ҳудудлардаги таомлар фарқлари ва рецептлари ҳақида маълумот берилди.

Иштирокчиларга миллий таомларимиз ва ширинликларимиз тортиқ қилиниб, Ўзбекистон гастрономиясининг бойлиги ва хилма-хиллиги ҳақида визуал ва амалий тажриба олиш имкони яратилди.

Тадбир сўнггида "Hearst Fujingaho" медиа гуруҳи билан Японияда Ўзбекистон маданияти, санъати ва миллий таомлари бўйича мақолалар тайёрлаш ва кенг ёритиш ҳамда Николас Флокуэ ва унинг жамоасининг юртимизга ташрифи масалалари бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш