Ўзбекистон ташқи ишлар ҳамда Миср инвестициялар ва ташқи савдо вазирлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича суҳбатлашди
Июнь 14, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 101
ТОШКЕНТ, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қоҳирада Миср инвестициялар ва ташқи савдо вазири Муҳаммад Фарид Солиҳ билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Миср Араб Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Муҳаммад Фарид Салаҳ билан бўлиб ўтган учрашувимиз иқтисодий ҳамкорлик кун тартибини янада бойитиш имконини берди, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Савдо ҳажмини ошириш, инвестициялар оқимини кўпайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт-логистика боғлиқлигини кучайтириш бўйича аниқ амалий қадамларни муҳокама қилдик. Эркин иқтисодий зоналар, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари ва янги бозорларга биргаликда чиқиш масалалари суҳбатимиз марказида бўлди.
Мисрнинг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижобий натижалари янги ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратаётганини қайд этдик. Айниқса, геология, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, энергетика ва саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта захиралар мавжуд”.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси