Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Миср ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва хориждаги мисрликлар ишлари бўйича вазири билан учрашди
Июнь 13, 2026. 19:36 • 2 дақ
• 274ТОШКЕНТ, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Қоҳира шаҳрида Миср ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва хориждаги мисрликлар вазири Бадр Абдулъати билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Миср ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва хориждаги мисрликлар вазири Бадр Абдулъати билан мазмунли ва очиқ мулоқот ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Аввало, делегациямизга кўрсатилган илиқ қабул ва самимий меҳмондўстлик учун Миср томонига миннатдорлик билдирамиз.
Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий манфаатлар асосида изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янада фаоллаштиришдан ҳар икки томон ҳам бирдек манфаатдор.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш истиқболларини муҳокама қилдик.
Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдик. Мисрнинг Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладик.
Ташқи ишлар вазирликларимиз ўртасида шаклланган яқин ва ишончли ҳамкорлик бундан буён ҳам барча йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишончимиз комил”.
Музокаралар якунида вазирлар қуйидаги ҳужжатларни имзолади:
– Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва хориждаги мисрликлар вазирлиги ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази ҳамда Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар, халқаро ҳамкорлик ва хориждаги мисрликлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик тадқиқотлар институти ўртасида Англашув меморандуми.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


