Logo

Германиядан муносабат: Ибн Сино – дунё шифокорлари устози, Ўзбекистон билан ҳамкорлик эса биз учун ҳам шараф, ҳам масъулиятдир

Июль 15, 2024. 18:01 • 3 дақ

319
Германиядан муносабат: Ибн Сино – дунё шифокорлари устози, Ўзбекистон билан ҳамкорлик эса биз учун ҳам шараф, ҳам масъулиятдир

БЕРЛИН, 15 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида ўтказилган Германия-Ўзбекистон иккинчи тиббиёт форуми натижалари ва ҳамкорлик истиқболларига бағишланган тадбир иштирокчиси, "Кох–Авиценна" Германия–Ўзбекистон тиббиёт жамияти раиси, Шарите номидаги Берлин тиббиёт университети профессор Ҳельмут Ҳан "Дунё" АА учун интервьюсида икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги фикрларини билдирди:

—Ўзбек ва немис халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари қадим тарихга бориб тақалади. Чунки, юртингизда 980-1037 йилларда жаҳон тиббиёти ривожи учун муҳим аҳамиятга эга олим Абу Али Ибн Сино яшаб ўтган. У антик даврнинг тиббиётга оид барча билимларини ўрганиб, ўзининг "Тиб-қонунлари" китобига жамлаган. Ва бу асар эски лотин тилига ўгирилиб бир неча асрлар давомида Европада тиббиёт фанлари учун ягона асосий манба, қўлланма бўлиб хизмат қилиб келган. Шунингдек, Ғарбда тиббиёт фанининг ривожланишига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган.

Таъкидлаш жоизки, Ибн Сино дунёдаги барча шифокорларнинг устози саналади. Шу сабабли ҳам, "Германия-Ўзбекистон" тиббиёт жамиятини тузиш таклифи берилганда бу биз учун катта шараф ҳисобланиши баробарида "тиббиёт отаси"нинг юрти билан ҳамкорликда ишлаш катта масъулият ҳиссини юклади.

Шунингдек ўқинг

Ўтган вақт оралиғида "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон жамиятини туздик, Самарқандда 1-тиббиёт форумини ўтказишга муваффақ бўлдик. Форумда 650 нафар ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг иштироки Германия билан ҳамкорликка қизиқишнинг юқорилигини кўрсатди. Ташаббусимиз билан соғлиқни сақлаш вазири Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш саммитига таклиф қилинди ва нуфузли анжуман минбаридан туриб бутун дунё тиббиёт вакиллари, олимлари, шифокорларини Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш борасида олиб бораётган кенг кўламли давр руҳига ва замон талабига мос ислоҳотлари жараёни билан таништирди.

Ҳамкорликнинг давоми сифатида 18-19 апрель кунлари Берлинда иккинчи тиббиёт форумини ташкил этдик. Бугунги тадбиримиз ҳам ҳамкорликни навбатдаги босқичга олиб чиқиш учун яна бир қадам бўлди, деб ўйлайман. Самарқанд Форумига ном танлашимиз керак бўлганда бежизга Биринчи форум деб атамадик, чунки бу кетма-кетлик, давомийликни англатади. Яъни тиббиёт форуми келажакни ўйлаб ташкил этилган узоқ муддатли ҳамкорликнинг асосидир.

Мустаҳкам ҳамкорлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, унга замин яратиш ва уни ривожлантириш керак. Худди шу каби биз ҳам бугунги тадбирларимиз орқали келажакдаги узвий ҳамкорлик учун замин яратяпмиз. Ҳар қандай ҳамкорликнинг бошланиши унинг маҳсули каби муҳимдир. Ҳамкорлигимиз ўзаро ўрганиш, тажриба алмашиш асосида қурилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш