Нуман Куртулмуш: Бугун Ўзбекистон жадал ривожланмоқда ва унинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда
Апрель 09, 2025. 09:09 • 5 дақ
• 131
ТОШКЕНТ, 9 апрель. /"Дунё" АА/. Тошкент шаҳрида илк бор бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси халқаро миқёсдаги энг нуфузли сиёсий тадбирлардан бири сифатида тарихга кирмоқда. "Дунё" АА мухбири ушбу юқори даражадаги анжуманда иштирок этаётган Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш билан мазкур тадбир, парламентлараро алоқалар, минтақавий ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни хусусида суҳбатлашди.

– Раис жаноблари, суҳбатимизни Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак. Ушбу тадбирнинг халқаро миқёсдаги аҳамияти, шунингдек, анжуманнинг Марказий Осиёда илк маротаба Ўзбекистонда бўлиб ўтаётганини қандай баҳолайсиз? Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни, унга бўлган ишончини қай даражада акс эттиради?
– Мана шундай муҳим ва нуфузли халқаро анжуманнинг Тошкентда бўлиб ўтаётгани беқиёс аҳамиятга эга. Аввало, буни Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда турли соҳаларда жадал суръатларда ривожланиб, халқаро майдондаги нуфузининг ортиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин, деб ўйлайман. Парламентлараро иттифоқ Ассамблеяси каби йирик ва нуфузли халқаро анжуманнинг айнан Ўзбекистон заминида ўтказилиши – мамлакатда ижтимоий тараққиёт, тинчлик ва янада адолатли дунё қуришга интилиш борасида кучли сиёсий ироданинг мавжудлигини англатади. Ассамблея доирасида ўтаётган муҳокамалар, расмий тадбирлар ва учрашувлар юқори савияда ташкил этилгани эса мамлакатнинг бу борадаги салоҳияти ва масъулиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Ўзбекистоннинг бундай муҳим халқаро анжуманга мезбонлик қилаётгани, шубҳасиз, унинг келажакда ҳам кўплаб глобал мулоқотлар марказига айланиши учун мустаҳкам замин яратади. Бу эса давлатнинг халқаро майдондаги мавқеи ва танилишига салмоқли ҳисса қўшади. Чунки, юзлаб нуфузли меҳмонлар — парламент раҳбарлари, сенаторлар, депутатлар иштироки, шунингдек тадбирнинг дунёнинг кўплаб мамлакатлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани жараённинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Мен Ўзбекистон халқини, ҳукуматини ва парламентини самимий табриклайман ва бундай юксак даражадаги мезбонлик учун чуқур миннатдорлик билдираман.
– Парламентлараро мулоқотнинг глобал барқарорлик ва тинчликни таъминлашда ўзига хос ўрни бор. Ассамблеянинг "Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати" мавзуси доирасида ўтказилиши ҳам бежизга эмас. Шундай экан, биз ушбу Ассамблеядан қандай амалий натижалар, ҳамкорлик ташаббуслари ёки барқарор келажакка йўналтирилган таклифларни кутишимиз мумкин?
– Албатта, бундай муҳим халқаро платформада долзарб масалаларнинг очиқ ва эркин муҳокама қилинаётганининг ўзи катта ютуқ. Шу ўринда бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлашни истардим, биз парламент аъзолари нафақат ўз халқларимизнинг вакиллари, балки глобал виждоннинг ҳам сўзловчиларимиз. Ҳа, биз дунё ҳамжамияти номидан адолат, тинчлик ва ҳақлиликни баралла тилга олишимиз, инсониятнинг умумий муаммоларига ҳамдард бўлишимиз шарт. Парламентлар фақат қонунлар ишлаб чиқиладиган ёки қабул қилинадиган жой эмас, балки бутун инсоният олдидаги энг муҳим муаммолар муҳокама қилинадиган, ечимлар изланадиган очиқ минбарга айланиши керак. Айниқса, ҳозирги кунда дунё муаммолари глобал тус олган бир пайтда, уларнинг ечими ҳам глобал бўлиши лозим.
Шу боис, ҳар бир иштирокчи ўз фикрини очиқ ифода этиши, тинчлик, адолат, ҳақлилик ва инсоний қадриятларни ҳимоя қилиш йўлида нима қилиниши мумкинлиги борасида эркин мулоҳаза юритиши керак, деб ўйлайман. Албатта, биргина анжуманда барча муаммоларга якуний ечим топиб бўлмайди. Бироқ энг асосийси – умумий фикрлаш, глобал масъулият ва ҳамжиҳатлик руҳини шакллантиришдир. Ҳар бир иштирокчининг бу жараёнга чин дилдан ва юксак масъулият билан ёндашиши айнан мана шу йўлдаги энг муҳим қадамлардан биридир.
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда парламент мавқеини ошириш борасидаги ҳаракатлар фаоллашиб, ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Шу ўринда, Туркия томонининг Ўзбекистон билан келгусида парламентлараро ўзаро алоқаларни кенгайтириш юзасидан ташаббус ёки режалари қандай?
– Туркия ва Ўзбекистон тарихан илдизлари муштарак, бугун эса дўстлик ва биродарлик ришталари билан янада мустаҳкам боғланган давлатлардир. Мамлакатларимиз раҳбарлари – муҳтарам Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги илиқ ва яқин муносабатлар бугунги кунда нафақат икки томонлама сиёсий ҳамкорликда, балки халқаро майдонда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Шу жиҳатдан, икки давлат парламентлари ҳам бу илиқ муносабатларга муносиб тарзда ҳисса қўшиши, мавжуд алоқаларни янада чуқурлаштириши зарур, деб ҳисоблайман. Парламент дипломатияси имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш – бугунги кун талабидир. Хусусан, дўстлик гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш, халқаро платформаларда турк ва ўзбек депутатларининг яқиндан ҳамкорликда ишлаши, шунингдек, парламентларимиз ўртасидаги институционал яқинликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Мана шундай яқин дўстона алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида жорий апрель ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг Туркияга ташрифи режалаштирилган. Ташриф доирасида Истанбул ва Анқарада юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтади ҳамда икки мамлакат парламентлари ўртасида англашув меморандуми имзоланиши кўзда тутилган. Бу ҳужжат, албатта, томонлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишончим комил.
– Ўзбекистонга ташрифларингиз давомида ёдингизда қолган, сизга чуқур таъсир қилган бирор воқеани биз билан бўлиша оласизми? Сизнинг нафақат бир мамлакат парламенти раҳбари, балки юртимизга меҳр билан қарайдиган туркиялик инсон сифатидаги фикр-мулоҳазаларингиз ҳам биз учун қизиқ. Умуман, Ўзбекистон сизни нимаси билан ўзига жалб қилади, нималар сизда чуқур таассурот қолдирган?
– Ўзбекистонга ҳар гал ташриф буюрганимда юрагим янги ва унутилмас хотиралар билан тўлади. Бу менинг тўртинчи ташрифим бўлишига қарамай, юртингиз менга янгидан-янги таассуротлар, руҳий фароғат бағишлади. Ўзбекистон – бу буюк Мовароуннаҳр цивилизациясининг юраги, илм ва ирфон маркази бўлган муқаддас заминдир. Бир томонда Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби буюк алломаларнинг илмий излари бўйлаб сайр қиласиз, бошқа томонда эса Абдулҳолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд сингари улуғ мутафаккирлар мероси орқали тасаввуф ва маънавият оламига шўнғийсиз. Шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Имом Бухорий каби улуғ алломаларнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси бу юртда ҳали-ҳануз яшаб келаётганини чуқур ҳис этамиз.
Мазкур ташрифим давомида Хивага бориш бахти насиб этди. Ушбу қадимий шаҳар ҳам менга унутилмас лаҳзаларни туҳфа қилди. Айниқса, Хивада Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ўтказилган Ёшлар форуми доирасида ташкил этилган ёшлар билан мулоқот менда катта таассурот қолдирди. 500 дан ортиқ университет талабалари ва Хива ёшларининг дунёқараши, билими ва фидойилиги мени ҳайратга қолдирди. Биз улар билан Ислом цивилизациясининг янги босқичи, айниқса муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган Учинчи Ренессанс ғояси ҳақида фикр алмашдик. Бугун 300 миллиондан ортиқ аҳолини бирлаштирган туркий дунё маконида ёшлар порлаётган юлдузлардек, кўзга ташланмоқда. Хивада айнан ана шундай ақлли, тафаккурли, ўзига ишонган, билимли ёшлар билан мулоқот қилганимдан ғоят мамнун бўлдим. Бу учрашув мен учун нафақат бир воқеа, балки руҳиятимга чуқур сингган илиқ бир хотира бўлиб қолажак.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда