Jovanka Porsche: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг халқаро инвестиция марказига айланиши учун барча имкониятларга эга
Июнь 12, 2025. 18:59 • 2 дақ
• 58
ТОШКЕНТ, 12 июнь. /"Дунё" АА/. "Global Neighbours" ташкилоти раиси ва асосчиси Йованка Порше "Дунё" АА учун интервьюсида 9-12 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтаётган тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг аҳамияти хақидаги фикрларини билдирди:

– Менимча, Ўзбекистон чинакам бой маданий меросга эга бўлиб, бу мерос чин дилдан қойил қолдиради. Шу билан бирга, мамлакат бизнес ривожи учун улкан салоҳиятни намоён қилмоқда. Бундай форумларнинг ўтказилиши жуда муҳим ташаббус бўлиб, алоҳида эътиборга лойиқдир. Мазкур шаклдаги тадбирлар одамларни бирлаштиради, янги алоқаларнинг пайдо бўлишига хизмат қилади ва дунёнинг ушбу минтақасида қандай ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини бевосита кўриш имконини беради. Бу ҳақиқатан ҳам илҳомлантирувчи ва мен бу ерда эканлигимдан мамнунман.
Менинг фикримча, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг халқаро инвестиция марказига айланиши учун барча имкониятларга эга. Бу роль нафақат мумкин, балки айни вақтда жуда ҳам долзарб ҳисобланади. Гарчи минтақавий интеграция аста-секинлик билан юз берса-да, у бу жараёнда муҳим роль ўйнаши мумкин. Бу нафақат Ўзбекистонга, балки бутун минтақага тегишли. Аммо айнан Ўзбекистон инвестициялар ва барқарор ривожланиш марказига айланиши учун зарур салоҳият ва геоиқтисодий устунликларга эга.
Инвестиция муҳити борасида шуни айтмоқчиманки, бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим ва мен фақат ижобий таассуротлар олдим. Бу ерда пайдо бўладиган руҳият менга ўтмишда Хитойда ишлаганимдаги даврни эслатди — ўша йилларда ўзига хос кайфият, ўзгаришлар руҳи ва "ҳаммаси мумкин" деган ишонч ҳукм сурарди. Ҳозир Ўзбекистонда ҳам худди шундай энергияни ҳис қиляпман. Бу ерда янги имкониятларга очиқлик, тараққиётга интилиш ва ҳамкорликка тайёрлик аниқ сезиляпти. Бу ҳолат илҳом бағишлайди ва мамлакатнинг халқаро инвестициялар учун жозибадор йўналиш сифатида келажагига ишонч уйғотади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда