Ўзбекистон делегацияси Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти раҳбарияти ҳамда меҳнат миграцияси ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мутасадди ташкилотлар билан музокаралар ўтказди
Июнь 12, 2026. 15:22 • 3 дақ
• 104ТОШКЕНТ, 12 июнь. /“Дунё” АА/. 11 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаевнинг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташрифи доирасида Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти ҳукуматлари раҳбарияти, Ташқи алоқалар қўмитаси, Меҳнат ва аҳолини бандлик қўмитаси ҳамда бошқа қатор ихтисослашган ташкилотлар вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашувлар давомида Россия томони Ўзбекистон делегациясининг 29-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги иштирокини юқори баҳолаб, мамлакат раҳбарияти ташрифининг Ўзбекистон–Россия иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Сурхондарё вилоятида жойлашган “Айритом” халқаро савдо марказининг қўшма инвестиция ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш учун истиқболли майдон сифатидаги юқори салоҳияти қайд этилди. Шунингдек, Россия томони бўлажак Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Ташрифнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Халқаро меҳнат миграциясига кўмаклашиш ассоциацияси билан Самарқанд вилоятида рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича тест синовларини ўтказиш марказини очиш ҳақида келишувга эришилди.
“Бронка Групп” ва “Южний” миграция марказлари раҳбарияти Ўзбекистон билан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси, кадрлар тайёрлаш ҳамда фуқароларга хизмат кўрсатиш шарт-шароитларини такомиллаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Музокаралар якунлари бўйича марказларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ватандошларга ахборот кўмагини кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти инсон ҳуқуқлари ҳамда бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари, шунингдек Халқаро адвокатлар коллегияси раҳбарияти билан учрашувлар якунлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва тезкор ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга оид келишувларга эришилди.
Ташриф доирасида делегация Ленинград вилояти Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказида ҳам бўлиб, у ерда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари учун яратилган шароитлар билан танишди. Муассаса раҳбарияти билан зарур ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва фуқароларнинг ватанга тезроқ қайтарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди.
Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга консуллик кўмагини кўрсатиш масалалари Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан доимий назоратда сақланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



