Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси ва TIKA агентлиги ваколатхонаси раҳбари 2026 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режаларини муҳокама қилдилар
Январ 16, 2026. 15:59 • 50 сония
• 143
ТОШКЕНТ, 16 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова кеча Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) раҳбари Эсин Ажар Эргин билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистонда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар. 2026 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режалари, шунингдек, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва форматларини излаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга, жумладан, Ўзбекистондаги таълим ташаббусларига туркиялик ўқитувчилар ва мутахассисларни жалб этишга, тажриба алмашишга ҳамда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қизиқиш билдирилгани таъкидланди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш ва оммалаштиришга қаратилган лойиҳалар белгиланди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар.
“Дунё” ААолган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси