Logo

"Kyiv Diplomatic" журнали: Ўзбекистоннинг жаҳон савдо тизимига интеграциялашуви муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда

Июнь 21, 2025. 10:40 • 2 дақ

52
"Kyiv Diplomatic" журнали: Ўзбекистоннинг жаҳон савдо тизимига интеграциялашуви муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда

КИЕВ, 21 июнь. /"Дунё" АА/. Украинанинг "Kyiv Diplomatic" журнали сайтида "Ўзбекистон Президенти хорижий шериклар билан сармоявий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон пойтахтида 100 мамлакатдан 7,5 мингдан ортиқ иштирокчини жамлаган тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунланди. Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти иқтисодиёт ва сармоявий соҳадаги бугунги ютуқлар ҳамда устувор вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтди", – дейилган мақолада.


Нашрда сўнгги 8 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти икки баравар кўпайгани, 2030 йилга бориб 200 миллиард долларга етказиш бўйича улкан мақсади қўйилгани таъкидланади. Инвестиция фаоллигида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Биргина 2024 йилда 35 миллиард долларлик инвестициялар жалб этилди, экспорт 27 миллиард долларни ташкил этди, S&P эса мамлакатнинг прогноз кўрсаткичларини "поғона"га кўтарди.


Муаллифга кўра, асосий устувор йўналишлар қаторида "яшил" энергетикани ривожлантириш ҳам бор. Қисқа вақт ичида ушбу соҳага 6 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди.


"Бундан ташқари, "яшил сертификатлар" ва углерод бирликлари савдоси йўлга қўйилмоқда, "Яшил Ўзбекистон" иқлим инвестиция платформаси яратилмоқда", – дея урғуланган материалда.


"Kyiv Diplomatic" журнали Ўзбекистоннинг яна бир мақсади рақамли иқтисодиётга ўтиш эканини ёзган. "2025 йилда IT-хизматлари экспорти 1 миллиард долларга етади. 2030 йилга бориб эса уларни беш баробарга ошириш режалаштирилган. Келгуси йилдан бошлаб "Булутли технологиялар" миллий платформаси ишга туширилади. Хусусий инвесторлар билан биргаликда умумий қуввати 500 МВт дан ортиқ бўлган 20 та маълумотлар марказларини қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон "Сунъий интеллектда миллион етакчи" лойиҳаси доирасида сунъий интеллектнинг ўзига хос моделини ишлаб чиқмоқда", – деб таъкидланган нашрда.


Материалда Ўзбекистонда молия институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида ҳам сўз боради.  ХВФ ва Жаҳон банки билан биргаликда соҳани тўлиқ баҳолаш амалга оширилди, банк, суғурта ва фонд бозоридаги ислоҳотлар қўллаб-қувватланди. Молиявий барқарорлик кенгаши тузилди, киберхавфсизлик ва финтеч платформалари жорий этилмоқда.


Маълум қилинганидек, Ўзбекистоннинг жаҳон савдо тизимига интеграциялашуви муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш якунланмоқда, мазкур ташкилотга аъзо бўлиш 2026 йилга режалаштирилган.


"Ўзбекистон Президенти форумни сарҳисоб қилар экан, мамлакат хориж сармояси учун очиқлигича қолаётганини, бизнесни ҳимоя қилиш кафолатланишини, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг шаффофлиги таъминланишини таъкидлади", – деб ёзилган мақолада.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш