Logo

"ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмаси якунлари Россия ОАВ диққат марказида

Май 16, 2025. 11:50 • 2 дақ

41
"ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмаси якунлари Россия ОАВ диққат марказида

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 16 май. /"Дунё" АА/. Россиянинг "Консул" журнали сайтида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмаси якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маълум қилинганидек, 28-30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи юбилей халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчилари – Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Саноат ва савдо вазирлиги.

Кўргазмада Ўзбекистоннинг 200 дан ортиқ компаниялари 100 га яқин турдаги маҳаллий маҳсулотларни тақдим этди, шунингдек, 50 дан ортиқ хорижий компаниялар ўз павильонлари билан қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус, Хитой, Саудия Арабистони, Туркия ва бошқа давлат вакиллари бор.

"Таъкидлаш жоизки, тадбирни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров очиб бердилар. Улар ўз маърузаларида мазкур кўргазманинг давлатлараро алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини алоҳида қайд этдилар", – дейилган нашрда.

Кўргазмада саноатнинг асосий тармоқлари – машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё, фармацевтика, IТ ва транспорт технологиялари намойиш этилди.

"Свердловск вилояти 40 компания делегациясини олиб келди. Тақдим этилган ечимлар орасида оловли тизимлар, "ақлли" датчиклар, учувчисиз учиш аппаратлари, электр узатиш линиялари учун ноёб металл конструкциялар ва узлуксиз қувват манбалари бор эди. Вилоят губернатори ўринбосари Дмитрий Ионин Ўзбекистон минтақанинг бешта асосий савдо ҳамкорларидан бири эканини, Свердловск маҳсулотлари экспорти беш йил ичида қарийб икки баробар ошганини таъкидлади", – деб ёзилган манбада.

"Консул" журнали маълум қилганидек, кўргазма давомида турли мамлакатларнинг бошқармалари, тармоқ бирлашмалари ва йирик компаниялари ўртасида транспорт ва логистика, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, фан ва инновациялар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, кимё саноати, рақамлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги лойиҳаларга асос бўлган ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш