Logo

"Китай" журнали: 4-5 апрель кунлари биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми бўлиб ўтади

Март 29, 2025. 14:53 • 59 сония

166
"Китай" журнали: 4-5 апрель кунлари биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми бўлиб ўтади

ПЕКИН, 31 март. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Китай" электрон нашрида биринчи Самарқанд халқаро иқлим форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда жорий йилнинг 4-5 апрель кунлари "Silk Road Samarkand" конгресс марказида биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми бўлиб ўтиши таъкидланган. Тадбирда жаҳон етакчилари, сиёсатчилар, экспертлар ва фаоллар иштирокида Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлар дуч келаётган долзарб иқлим муаммолари муҳокама қилинади.

"Самарқанд халқаро иқлим форуми доирасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилиб, экологик тоза "яшил" энергия, сув ресурсларини комплекс бошқариш, биохилма-хилликни сақлаш ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш каби муҳим йўналишларни қамраб олган эксперт муҳокамалари, ялпи мажлислар ва стратегик мулоқотлар ўтказилади", – дейилган нашрда.

Муҳокамаларнинг энг муҳим мавзуларидан бири Орол денгизи инқирози бўлиши урғуланган. "Экспертлар ва сиёсатчилар зарар кўрган ҳудудларда ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини камайтириш масалаларини кўриб чиқадилар", – дейилган материалда.

"Тадбирнинг асосий натижаси Самарқанд форумининг якуний ҳужжати – "Яшил" тараққиёт Минтақавий концепцияси тақдимоти бўлиб, у иқлим ўзгариши соҳасида Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланиш бўйича умумий қарашларини шакллантириш учун асос яратади", – деб ёзган "Китай" журнали.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш