Logo

Ўзбекистонда 10 майдан 10 июнга қадар "Фаровон оила сари" ойлиги ўтказилмоқда

Май 15, 2025. 17:49 • 3 дақ

51
Ўзбекистонда 10 майдан 10 июнга қадар "Фаровон оила сари" ойлиги ўтказилмоқда

ТОШКЕНТ, 15 май. /"Дунё" АА/. 15 май – Халқаро оила куни куни муносабати билан юртимизда жорий йилнинг 10 майдан 10 июнга қадар "Фаровон оила сари" ойлиги ўтказилмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати ёзганидек, оила халқимиз учун ҳамиша авлоддан авлодга ўтувчи маънавий мерос, аслида ўзига хос бир мактаб, маънавий хазина бўлиб қолганидадир. Оила – олтин қўрғондир. Оила – Ватан ичра кичик Ватандир.

Оила ва оиланинг маънавий устуни бўлган хотин-қизлар билан ишлаш борасида биргина 2025 йилнинг ўзида соҳага доир 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. "Ўзбекистон-2030" стратегияси доирасида оилавий ва миллий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Президенти таъбирлари билан айтганда, "Оила кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади...".

Чунки оила қадрияти ҳар қандай халқнинг, давлатнинг асосий кучи ва ижтимоий-маърифий қудратининг тимсолидир. Оилалари мустаҳкам ва тотув бўлган юрт тараққий топади, фаровон бўлади, одамийлик, умуминсоний фазилатлар ва юксак қадриятлар гуллаб-яшнайди.

Юртимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг сифатли таълим олиш имконияти кенгайтирилди.

Хусусан, мамлакатимиздаги 200 дан зиёд олийгоҳ талабаларининг 52 фоиздан ортиғини (783 минг нафар) хотин-қизлар ташкил этади. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизларга 100 миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.

Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, бу борада эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020-2024 йилларда жами 10 минг нафарга яқин эҳтиёжманд оилалардан бўлган хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

2022-2024 йилларда 397 минг нафарига 7 йил муддатга фоизсиз 4,3 триллион сўм таълим кредитлари ажратилди. Бу каби йирик рақамлар нимадан далолат? Албатта, давлат томонидан оилани қўллаб-қувватлашга қаратилган улкан ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Бугун эътироф этилаётган 2000 та "Ибратли оила" ушбу механизмлар маҳсулидир. Ушбу йўналишларга хизмат қилувчи 150 дан ортиқ Оила ва хотин-қизлар масканлари ташкил қилинди.

Ҳаммамизга яхши маълумки, ҳар йили 15 май – Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу кун муносабати билан мамлакатимизда ҳам оилавий қадриятларни асраб авайлаш, соғлом жамият пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли дастурлар амалга ошириб келинмоқда. Жорий йилнинг 10 майдан 10 июнга қадар "Фаровон оила сари" ойлиги ўтказилмоқда.

Бугун республикамизнинг барча туман ва шаҳар марказларидаги истироҳат боғларида "Оилалар сайли" (OILAFEST) ўтказилмоқда. Унда "Ибратли оила" кўкрак нишони соҳиблари, ёш келин-куёвлар, намунали оилалар иштирок этяпти. Бу каби тадбирлар оила институтига бўлган ижтимоий эътиборни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юртимизда "Ибратли оила" кўкрак нишони билан 2 000 та оила тақдирланди. Бу фақатгина бир мукофот эмас – бу жамият эътирофи, бу элнинг дуоси, бу авлодлар учун ўрнак бўладиган мерос. Ушбу оилаларга нафақат кўкрак нишони, балки моддий рағбат ва фахрий белгилар ҳам берди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда амалга оширилаётган ҳар қайси ижтимоий-сиёсий ислоҳотнинг бош марказида инсон ва унинг қадри турибди. Ҳар бир инсон оилада улғаяди, оилада камол топади. Оила қанча мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Фаровон оила — фаровон жамиятнинг илк бўғини, уни асраш ва мустаҳкамлаш эса барчамиз учун шарафли бурчдир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш