Logo

Шаҳид Таслим: Ҳиндистонда ўзбек тилини кўплаб ёшлар ўрганмоқда

Октябрь 19, 2025. 10:52 • 3 дақ

121
Шаҳид Таслим: Ҳиндистонда ўзбек тилини кўплаб ёшлар ўрганмоқда

ДEҲЛИ, 19 октябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири – Деҳли шаҳридаги Жамия Миллия Исломия марказий университетида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман ҳинд ёшлари ўртасида ўзбек тили ва маданияти тобора оммалашиб бораётганининг ёрқин ифодаси бўлди.

– Авваламбор Ўзбекистондаги барча дўстларимни Ўзбек тили байрами билан табриклайман, – дейди университет талабаси Муҳаммад Мунаввар Олам. – Ўзбек тили нафақат бой тарихга эга, балки у оҳангдор ва ифодали тилдир. Ўзбек тили асрлар давомида ўзбек халқининг адабиёти, маданияти ва дунёқарашини сақлаб келаётган бебеаҳо меросдир. Биз Алишер Навоий, Абдулла Қодирий ва бошқа буюк ёзувчиларнинг асарлари орқали ўзбек тилининг гўзаллиги ва бойлигини чуқур ҳис қиламиз. Мен ўзбек тилини ўрганишни танладим, чунки тил – бу нафақат мулоқот воситаси, балки халқнинг тарихи, урф-одатлари ва маданий меросини англаш калитидир. Шу боис мен барча ёшларни ўзбек тилини ўрганишга, севишга ва қадрлашга чорлайман.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ҳиндистоннинг етакчи олий билим юртлари – Жамия Миллия Исломия университети, Жавоҳарлаъл Неру университети ва Деҳли университетида ўзбек тили курслари тобора оммалашиб бормоқда. Бугунги кунда ҳиндистонлик талабалар учун ўзбек тилини ўрганиш ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон бой маданий меросидан баҳраманд бўлишга йўналтирилган ўзига хос кўприк ва келажакдаги меҳнат фаолияти учун истиқболли йўналиш сифатида эътироф этилмоқда.

Тадбирда икки халқни бир-бирига боғлаб турган чуқур тарихий-маданий илдизлар ана шундай қизиқишга асос бўлаётгани таъкидланди. Асрлар давомида шаклланган анъанавий ўзбек-ҳинд муносабатлари адабиёт, санъат ва илм-фан соҳаларида, айниқса, ўз ифодасини топмоқда. Буюк ўзбек мутафаккирларининг Марказий ва Жанубий Осиё макони билан чамбарчас боғлиқ бўлган мероси ўзаро манфаатдорлик учун жонли замин яратмоқда. Олий таълим соҳасидаги замонавий қўшма лойиҳалар, академик алмашинувлар ва илмий анжуманлар икки мамлакат талабалари ва тадқиқотчилари учун янги имкониятлар очмоқда.

– Маъумки ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги алоқалар жуда ҳам қадимий вақтларга бориб тақалади, – дейди университетнинг хорижий тиллар департаменти мудири, мазкур таълим муассасидаги Ўзбек тили курси асосчиси профессор Шаҳид Таслим. – Бугунги кунда тил ва адабиёт ушбу муносабатлардаги муҳим кўприк бўлаяпти. Ҳиндистонда ўзбек тилини кўплаб ёшлар ўрганмоқда. Ўзбек тили бизга яқин тил бўлиб, муштарак сўзлар жуда ҳам кўп. Лекин энг муҳими, талабаларимиз Ўзбекистонни жуда ҳам яхши кўради, чунки ушбу мамлакат бой маданий-маърифий анъаналарга эга. Ҳиндистон таълим муассасаларида Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа алломаларнинг бебаҳо асарларини ўқиб, ўрганишмоқда. Ўзбек заминида етишиб чиққан буюк олимларнинг илмий-маънавий мероси бутун жаҳонга зиё таратиб турибди. Мен ўзбек тилини севишимдан ва ундан сабоқ бераётганимдан фахрланаман.

Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбек тили байрами ҳиндистонлик ёшларнинг ортиб бораётган қизиқиши икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли ва келажакка интилган самарали ҳамкорлигининг барқарор пойдеворига айланиб бораётганини яққол намоён этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш