Logo

Туркманистонда Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири ўтказилди

Январ 15, 2026. 16:24 • 2 дақ

67
Туркманистонда Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири ўтказилди
Туркманистонда Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири ўтказилди
Туркманистонда Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири ўтказилди
Туркманистонда Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири ўтказилди
Туркманистонда Ўзбекистон Ватан ҳимоячилари куни байрам тадбири ўтказилди

АШХОБОД, 15 январь. /“Дунё” АА/. Туркманистон пойтахтида Ўзбекистон Ватан ҳимоячилар куни ва Қуролли Кучлар ташкил топганининг 34 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Туркманистон мудофаа, миллий хавфсизлик, ташқи ишлар вазирликлари, миграция, чегара, божхона хизматлари, аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва ҳарбий атташелари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда туркман томонидан фахрий меҳмон сифатида Туркманистон Мудофаа вазири ўринбосари Бекмират Султанов қатнашди.

Бекмират Султанов Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар салоҳияти ва юксак маънавияти мамлакат мудофаа тизимининг мустаҳкам устуни эканини таъкидлади. Қуролли Кучларнинг шонли тарихи, буюк аждодларнинг жасорати, юртимиздан етишиб чиққан енгилмас саркардалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон армиясининг кучи ва қудрати, аввало, ҳарбий хизматчилар ва бутун халқнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигига боғлиқ. Ватан мустақиллиги, аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сўнгги йиллар давомида мураккаб, бироқ шонли ривожланиш ва тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар натижасида миллий армиянинг жанговар салоҳияти сезиларли даражада ошгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тобора кучли, ҳаракатчан ва самарали бўлиб, замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга тезкор ҳамда муносиб жавоб қайтариш қобилиятини намоён этмоқда.

Туркманистон Мудофаа вазири ўринбосари бугунги кунда Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий фаолиятда ҳам ўзларининг юқори профессионал тайёргарлик даражасини кўрсатаётганини таъкидлади. Ўзбекистон вакиллари халқаро ҳарбий машқлар, спорт ва ҳарбий мусобақаларда иштирок этиб, юксак маҳорат, матонат ва ғалабага интилиш фазилатларини намойиш этаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик алоқалари икки давлат раҳбарларининг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши остида яқин дўстлик ва аҳил қўшничилик руҳида изчил ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Тўпланган кўп йиллик ижобий тажриба сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва ҳарбий соҳаларда икки томонлама муносабатларни узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли асосда ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг маданий, туризм ва инвестиция салоҳияти кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчиларига ўзбек миллий маданияти ва халқ амалий санъати намуналари ҳамда мамлакатимизнинг сайёҳлик йўналишлари бўлган Тошкент, Самарқанд, Хива, Урганч, Бухоро ва бошқа шаҳарларнинг улуғвор меъморчилик дурдоналари ва тарихий-маданий диққатга сазовор жойлари хақидаги фото-видео тақдимотлар намойиш этилди.

Туркманистонлик санъаткорлар ижросида янграган ўзбек миллий куй-қўшиқлари тадбир иштирокчиларининг кайфиятини янада кўтариб, тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш