Logo

Москвада очилган "Рамазон чодири" хайрия тадбирида Ўзбекистон кечаси бўлиб ўтди

Март 11, 2025. 07:10 • 2 дақ

226
Москвада очилган "Рамазон чодири" хайрия тадбирида Ўзбекистон кечаси бўлиб ўтди

МОСКВА, 11 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Москва шаҳрида ташкил этилган "Рамазон чодири" хайрия тадбирида иштирок этдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Рамазон чодири" тадбири доирасида Россия мусулмон жамоатчилиги, муфтий ва сиёсий арбоблари, шунингдек, Москвада яшаётган, ишлаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар биргаликда "Ўзбекистон кеча" ташкил этилди.

Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига мазкур лойиҳа "Хотира вақтдан кучли" шиори остида бўлиб ўтди. Тадбир Москва мусулмонлари бошқармаси томонидан Россия мусулмонлари бошқармаси ва Москва шаҳар ҳокимияти кўмагида ташкил этилди. Ўрнатилган анъанага кўра, муқаддас ой давомида ҳар оқшом бу ерда тематик тадбирлар, интерактив мулоқотлар ва фахрий меҳмонлар билан учрашувлар ўтказилади.

"Ўзбекистон кеча"да элчихона вакилларининг чиқишлари, концертлар ва республикамизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ҳиссаси ҳақидаги ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Шунингдек, тадбир давомида Янги Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, мамлакатимизнинг маданий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тақдимотлар ўтказилди.

Тадбир меҳмонларига Ўзбекистоннинг бой тарихи, ўзбек халқининг буюк аждодлари, жумладан, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Али ибн Сино ва бошқаларнинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди.

Россия томони Ўзбекистонда конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат минтақада барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим омили бўлаётганини алоҳида таъкидладилар.

Бундан ташқари, тадбирда ўзбек маданияти ва мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, "Рамазон чодири" лойиҳаси бутун Рамазон ойи давом этади ва у хайрия ифторликларини ўз ичига олди.

 Хайрия тадбири давомида Қатар, Саудия Арабистони, Афғонистон, МДҲ давлатлари, шунингдек, Россия ҳудудларига бағишланган кечалар ташкил этилади.

Руслан Қурбонов, сиёсатшунос ва журналист:

– Бугун биз ажойиб ифторлик, Ўзбекистон ва ушбу гўзал мамлакат халқларининг ислом меросига бағишланган кечасида қатнашдик.

Кеча жуда гўзал ташкил этилди. Гўё барчамиз ўзимизни Ўзбекистонда бўлгандек ҳис қилдик. Ўзбекистон аслида нафақат Марказий Осиё ёки ислом оламининг, балки бутун дунё меросидир. Бу ерда Ал-Хоразмий каби буюк математиклар, Мирзо Улуғбек каби буюк астрономлар, Бухорий, Термизий каби етук муҳаддислар етиб чиққан. Ўзбекистонда ҳали бўлмаган барчани ислом тафаккури марказлари бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларга боришга чақираман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш