Токио хорижий тиллар университетида Ўзбек тили байрамига бағишланган дарслар ўтилди
Октябрь 21, 2025. 09:32 • 2 дақ
• 169
ТОКИО, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Токио хорижий тиллар университетида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маданий-маърифий тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир давомида Токио хорижий тиллар университетида ўзбек тилини ўрганаётган 30 га яқин талабалар ва профессор-ўқитувчилар ҳамда "Япония-Ўзбекистон" жамияти қошидаги ўзбек тили курси талабалари учун махсус дарслар ташкил этилди.
Элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўз чиқишида барчани 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан табриклади ва юртимизда давлат тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган вазифаларга тўхталди. Бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашаётганлиги, кўплаб мамлакатлар, хусусан Японияда ҳам ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Токио хорижий тиллар университети Японияда ўзбекистоншунослик ва ўзбек тили бўйича мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юрти эканлиги эътироф этилган ҳолда, талабалар ўзбек тилини мукаммал ўрганиш орқали Ўзбекистон бўйича етук мутахассис бўлишига ва икки мамлакат алоқаларини янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшишига умид билдирилди.
Дарс давомида мушоира ташкил этилди, Ўзбекистонда таҳсил олган талабалар томонидан "Ўзбекистон жозибали саёҳат маскани" номли тақдимот ва "Сиз Ўзбекистонни биласизми" номли викторина ўтказилди.
Тадбирнинг маданий қисмида 2024 йилги "Ўзбек тили қалбим таржимони" республика танлови ғолиби бўлган Токио хорижий тиллар университети талабалари иштирокида ўзбек миллий куйлари ижро этилди.
Ўзбекистон дипломатлари, шунингдек, Токио хорижий тиллар университети президенти профессор Харуна Нобуо билан учрашув ўтказдилар. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Токио хорижий тиллар университети 80 тил бўйича мутахассислар тайёрланади. Университетда ўзбек тили 2009 йилдан буён асосий тил сифатида ўқитилиб келинмоқда. Ҳозирда 45 га яқин талаба ўзбек тилини ўрганяпти.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди
Ўзбекистон Конституцияси куни АҚШда кенг нишонланди