Logo

Вена университетида ўзбек тилини ўргатиш бўйича курслар ва ўзбек адабиёти бурчаги ташкил этилиши мумкин

Октябрь 27, 2025. 18:54 • 2 дақ

21
Вена университетида ўзбек тилини ўргатиш бўйича курслар ва ўзбек адабиёти бурчаги ташкил этилиши мумкин

ВЕНА, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда дипломатлар, Австриядаги ўзбек талабалари уюшмаси аъзолари, шу жумладан, Вена университетида таҳсил олаётган ватандош талабалар иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Иброҳимовнинг кириш нутқи билан очилди. Дипломат иштирокчиларни ўзбек тилини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш ва мавқеини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, маданият ва таълим соҳаларидаги муҳим лойиҳалар ҳақида тўхталди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлашда чинакамига янги давр бошлангани, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида она тилимиздан фаол фойдаланишга, ёш авлодни ўз тилига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Австрия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ҳамюртларимиз билан Вена университетида ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш, университет кутубхонасида ўзбек тили бурчагини яратиш ва ўзбек тилини ўқитиш бўйича дарслик ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналари билан жиҳозлаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ҳамюртларимиз Вена университети чет тиллар кафедраси ўқитувчилари ва талабалари ўртасида Ўзбекистон тарихи, унинг урф-одатлари ва маданиятига қизиқиш юқори эканлигини билдиришди.

Учрашув якунида университет кутубхонасида ўзбек тили бурчагини очиш бўйича Вена университети ректоратига сўров юборишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш