Ўзбекистон–Польша ўртасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилади
Ноябрь 12, 2025. 14:48 • 2 дақ
• 63
ВАРШАВА, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ва Польша ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида юртимиз дипломатлари Померания ҳудудига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация аъзолари Померания воеводалиги кенгаши аъзоси Агнешка Барановска, Померания воеводасининг биринчи ўринбосари Эмиль Роек ва Гданьск шаҳри ҳокимининг яшил иқтисодиёт бўйича ўринбосари Пётр Кришевски билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда мезбонларнинг таъкидлашича, Померания Польшанинг барқарор ривожланган ҳудуди саналади. Ҳудудда бугунги кунда 2,3 миллион нафар аҳоли яшайди. Бу ерда 7 та шаҳар ва 35 та шаҳарча мавжуд.
Ўзбекистон элчихонаси вакиллари учрашув давомида Бухоро вилоятининг инвестицион, туристик, маданий ва бошқа соҳалардаги салоҳияти ҳақида тақдимот қилди.
Музокаралар давомида поляк томони Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида муҳим ва истиқболли шерик сифатида баҳолаб, Янги Ўзбекистонда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак қадрлашини билдирди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг амалий йўналишларини кенгайтиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, иқтисодиёт, саноат кооперацияси, яшил энергия, таълим, рақамлаштириш ва АТ соҳаларида тажриба алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди. Ўзбекистон–Польша ўртасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Гданьск шаҳри раҳбарияти томонидан "яшил шаҳар", рақамли хизматлар ва IТ тадбиркорлик йўналишларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қизиқиш билдирилди. Бухоро, Когон, Ғиждувон ва ҳудуднинг бошқа шаҳарлари билан шериклик ўрнатиш таклиф этилди.
Померания вакиллари Бухоро вилоятида кечаётган ривожланиш жараёнларига катта қизиқиш билдириб, ҳудуднинг логистика, туризм, янги технологиялар ва рақамли хизматлар соҳаларидаги юқори салоҳиятини қайд этди. Бухоро ва Померания ўртасида шаҳар ва ҳудудлар даражасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш икки томон учун манфаатли эканлиги таъкидланди.
Шунингдек Польша томони Ўзбекистон вакилларини 2026 йил 26 июль – 17 август кунлари Гданьск шаҳрида ўтказиладиган "Авлиё Доминик ярмаркаси"да иштирок этишга таклиф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди