Ўзбекистон ва Польша агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда
Ноябрь 11, 2025. 11:42 • 2 дақ
• 223
ВАРШАВА, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан "BMB Holding" ва Польшанинг "Agro Sp.Zo.o" компаниялари вакиллари ўртасида ишчи онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида томонлар икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар ва амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Унда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорида, хусусан, "LIDL" ва "Kaufland" каби йирик савдо тармоқлари орқали илгари суриш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, "BMB Holding" компанияси мутахассислари икки ҳафта мобайнида Польша бозори бўйича таҳлилий ўрганиш ишларини амалга ошириб, экспортга йўналтирилиши мумкин бўлган маҳаллий маҳсулотлар намуналарини "Agro Sp.Zo.o." компаниясига тақдим этиши белгилаб ўтилди.
Польша томони вакили Ўзбекистон билан келгусида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюришини билдирди.
Учрашув якунида томонлар амалий қадамларни мувофиқлаштириш ва ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси