Logo

Ўзбекистон ва Шанхай халқаро маданий-технологик саноат парки инвестициявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Март 29, 2026. 14:00 • 2 дақ

64
Ўзбекистон ва Шанхай халқаро маданий-технологик саноат парки инвестициявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ШАНХАЙ, 29 март. / “Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги Бош консулхонасида Шанхай халқаро маданий-технологик саноат парки бошқаруви раиси Ваймин Ин билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот жараёнида туризм ва инвестиция соҳаларида икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шанхай халқаро маданий-технологик саноат парки Хитой Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, маданият, ижодкорлик ва туризмда рақамли технологияларни қўллаш бўйича мамлакатда ягона миллий платформа ҳисобланади. Ушбу парк “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида трансчегаравий савдо хизматларини кўрсатувчи эксклюзив оператор сифатида ҳам фаолият юритади.

Учрашувда Ваймин Ин Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қурилишига инвестицияларни жалб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек ўқинг

Хитой томони Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, сўнгги йиллардаги иқтисодий ислоҳотлари ва Марказий Осиёдаги мустаҳкам ўрнини юқори баҳолади. Шунингдек, парк раҳбарияти Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳалар учун манфаатдор инвесторларни топиш ва турли тақдимотлар ташкил этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон вакиллари Хитой ҳамкорларига юртимиздаги мавжуд сармоявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон дипломатлари шу йилнинг 29 апрель куни Шанхайда бўлиб ўтадиган ихтисослаштирилган конференцияга таклиф қилинди. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилиш учун яхши имконият бўлиши кутилмоқда.

Учрашув якунида томонлар тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш ва Хитой ишбилармонлари делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш