Бош консулхона вакиллари туркиялик таниқли ишбилармонлар билан кўришди
Ноябрь 11, 2025. 09:54 • 2 дақ
• 88
ИСТАНБУЛ, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Дунё турк тижорат платформаси (DUTKID) ҳамкорлигида турк ишбилармон доира вакиллари билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон–Туркия ўртасида ҳамкорлик ва тижоратни ривожлантириш" мавзусида ташкил этилган тадбирда туркиялик давлат ва жамоат идоралари ходимлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, савдо-саноат палатаси ва турли компания раҳбарлари, таниқли тадбиркорлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Учрашувда Бош консул Шерзод Абдуназаров Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароит ва давлатимизнинг Туркия билан барқарор стратегик ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги иқтисодий ислоҳотлари, хорижий сармоядорлар учун яратилаётган имкониятлар, эркин иқтисодий зоналар, солиқ ва божхона имтиёзлари, логистика ва туризм инфратузилмасини намоён этувчи тақдимотлар намойиш этилди.
Мазкур учрашув турк тадбиркорлари орасида катта қизиқиш уйғотди ва ижобий фикрлар билан қарши олинди. Ўзбекистоннинг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва чет элдан инвесторларни жалб қилишга қаратилган эътибор ҳамда амалий ишларга юқори баҳо берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси