Кобул шаҳрида ўтказилган кўргазмада Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди
Ноябрь 23, 2025. 13:12 • 2 дақ
• 248
КОБУЛ, 23 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов бошчилигида озиқ-овқат, қурилиш моллари, электротехника ва мебель соҳасидаги тадбиркорлардан иборат делегация Кобул шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Дастлаб делегация Кобул шаҳридаги "Ўзбекистон савдо уйи"га ташриф буюриб, мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм, электротехника, қурилиш моллари ҳамда бошқа истеъмол маҳсулотларини доимий равишда намойиш этувчи "Made in Uzbekistan" кўргазмасини кўздан кечирди. Куннинг иккинчи яримида меҳмонлар Кобул шаҳрида курилиш материаллари, электротехника ва гилам савдосига ихтисослашган бозорлар ва улардаги нарх-наволар билан танишди.
"Кобул халқаро экспо маркази"да Афғонистон, Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон, Бангладеш, Туркия ва Ҳиндистон тадбиркорлари иштирокидаги "Имом Абу Ҳанифа" 4-миллий халқаро кўргазма ярмаркасида делегация вакиллари ҳам иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий хорижий делегация аъзолари ва тадбиркорларни илиқ кутлаб, уларга ташриф учун миннатдорлик билдирди. У ҳукуматнинг кўплаб давлатлар билан яхши савдо алоқаларини йўлга қўяётганини алоҳида таъкидлади.
"Имом Абу Ҳанифа" номидаги ушбу кўргазмани ташкил этилиши ҳар томонлама савдони ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма тадбиркорларга ўз маҳсулотлари ва хизматларини таништириш, янги бозорларни забт этиш, шериклик алоқаларни ўрнатиш учун имконият яратади.
Компаниялар тўғридан-тўғри музокара олиб бориш, ўзаро манфаатли битимлар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик асосларини яратиш имкониятига эга бўлади.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов ҳам сўз юритиб, Ўзбекистонда яратилган қулай инвестицион муҳит ва кенг имкониятлар билан батафсил таништирди. Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз савдо айланмаси жорий йилнинг 9 ойида 1 миллиард доллардан ошгани ва келгусида бу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси