Logo

Польшада Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги ўзгаришларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

Сентябрь 19, 2025. 16:48 • 3 дақ

42
Польшада Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги ўзгаришларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

ВАРШАВА, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. Польша Иқтисодий ривожланиш ва технологиялар вазирлигида Ўзбекистон фармацевтика бозорида қабул қилинган янги тартиблар билан танишиш ҳамда ушбу соҳада савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Польша Иқтисодий ривожланиш ва технологиялар вазирлиги Давлат котиби, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси Михал Ярос, Польша Дори воситалари, тиббий ускуналар ва биоцидларни рўйхатга олиш идораси президенти Гжегож Чесак, Польша Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH) президенти Анжей Диха ва бошқа идоралар ҳамда етакчи поляк фармацевтика компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон–Польша ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси Михал Ярос Ўзбекистон Президентининг "Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилингани ва унга мувофиқ 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган тартибга солувчи органлар, шу жумладан Польша регулятори, томонидан рўйхатдан ўтказилган дори воситалари Ўзбекистонда тан олиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилишини олқишлади.

У 2025 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Қўшма комиссиянинг 8-йиғилиши ва бизнес-форум якунларида эришилган келишувлар ижроси доирасида Польша компаниялари муаммолари ҳал этилгани ҳамда фармацевтика соҳасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилгани учун ўзбек томонига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

"Польша фармацевтика компанияларининг Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вақти келди. Ўзбекистон Марказий Осиёда иқтисодиёти жадал равишда ривожланмоқда ва "хаб" вазифасини бажармоқда. Барча компанияларни дўст Ўзбекистонга инвестиция киритишга чорлайман", деди у.

Польша Дори воситалари, тиббий ускуналар ва биоцидларни рўйхатга олиш идораси президенти Гжегож Чесак ўз навбатида, 2024 йил августда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази делегациянинг Польша ва ўзи бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга жавоб ташрифи якунларини юқори баҳолади.

"Ўтган йили Варшавада имзоланган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Польша Дори воситалари, тиббий ускуналар ва биоцидларни рўйхатга олиш идораси ўртасидаги англашув меморандуми ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Польша ахборот ва тажриба алмашиш, қўшма тадбирлар, лойиҳалар, ўқув дастурлари ва стажировкаларни ташкил этиш орқали фармацевтика соҳасини тартибга солиш миллий тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор", деди у.

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари томонидан ўтказилган тақдимотда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон-Польша ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболлари ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбир иштирокчилари шу йилнинг 21-22 сентябрь кунлари Хивада бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форуми ҳамда 25-26 сентябрь кунлари Тошкент вилоятида бўлиб ўтадиган "Тошкент-Мазовия" бизнес-форумида қатнашишга юқори қизиқиш билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш