Logo

Туркиянинг Мерсин ва Адана вилоятлари билан савдо ҳамда инвестициявий ҳамкорлик кенгайтирилади

Июль 29, 2024. 07:41 • 54 сония

295
Туркиянинг Мерсин ва Адана вилоятлари билан савдо ҳамда инвестициявий ҳамкорлик кенгайтирилади

АНҚАРА, 29 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Мерсин ва Адана шаҳарларида амалий ташрифлар билан бўлишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Мерсин савдо-саноат палатаси раиси Ҳакан Сефа Чақир, эркин иқтисодий зона бошқарув компанияси раиси Эдвар Мум, саноат зонаси раиси Сабри Текли билан ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Мерсин вилоятида фаолият юритувчи 40 га яқин тадбиркор диққатига Ўзбекистоннинг инвестициявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти тақдим қилинди.

Мерсин шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини ва омборхона ташкил қилишга ҳамда биргаликда Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасига экспортни амалга ошириш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқишга, вилоят саноатчиларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишиб олинди.

Шунингдек, Адана шаҳрига ҳам самарали ташриф амалга оширилди. Хусусан, вилоят саноат палатаси раиси, "Kıvanç Tekstil" компанияси раҳбари Зеки Киванч, "Ertar Kimya" компанияси (ўсимликлар ҳимояси) бош директори Сердал Тарим ҳамда "Cansa Tarım" компанияси (қишлоқ хўжалиги техникаси) бошқарув кенгаши раиси Шериф Жан билан саноат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш