Қозоғистоннинг Ақтобе вилоятида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Сентябрь 29, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 164
Қозоғистоннинг Ақтобе вилоятида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Қозоғистоннинг Ақтобе вилоятида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

АКТОБЕ, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Ақтобе вилояти ҳокими ўринбосари Ғолимжон Елеуов билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқалар, туризм ва маданият масалалари кўриб чиқилди.

Ақтобе вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Ақтобе вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий айирбошлаш ҳажми 25 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткичда ижобий динамика кузатилаётгани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистонга юборилаётган салмоқли ҳажмдаги юкларнинг Ақтобе вилояти ҳудуди орқали транзит ўтиши, уларнинг тезкор ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ақтобе вилояти ҳокимлиги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга кўмаклашиш ва Ўзбекистондан келган тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Шу муносабат билан жорий йилнинг 8-9 октябрь кунлари Ақтобе вилояти тадбиркорларининг Тошкент шаҳрига ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётгани қайд этилди. Жорий йилнинг август ойидан бошлаб Ақтобе–Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига иккита авиақатнов амалга оширилаётгани ва сайёҳлар оқими ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Июль ойида Октов шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ва минтақалар раҳбарларининг биринчи учрашувида эришилган келишувларни амалий ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ақтобе шаҳридаги Ўзбекистон савдо уйининг фаолияти муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, Савдо уйи фаолияти доирасидаги савдо-иқтисодий операциялар ҳажми ҳозирда 500 минг долларни ташкил этган.

Бош консулхона вакиллари, шунингдек, Ақтобе вилояти “Атамекен” тадбиркорлар палатаси раҳбарияти ва маҳаллий ишбилармонлар билан ҳам учрашув ўтказдилар. Тадбирда озиқ-овқат саноати, чорвачилик, ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритувчи вилоятнинг 15 дан ортиқ йирик корхоналари вакиллари иштирок этди.

Қозоғистонлик тадбиркорлар Ўзбекистон ишбилармонлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Бундан ташқари, бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни соддалаштириш мақсадида Ишлаб чиқарувчилар ягона реестрини тузиш таклиф қилинди.

Ташриф доирасида Бош консулхона ходимлари Ақтобе вилоятида тадбиркорлик ва ўзбек маҳсулотлари экспорти билан шуғулланаётган ватандошлар билан ҳам учрашиб, Ўзбекистон савдо уйи фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш