Logo

Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда

Октябрь 06, 2025. 20:56 • 2 дақ

38
Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда

АР-РИЁЗ, 6 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 2-12 октябрь кунлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

 Ўзбекистон маданияти кунлари дастлабки уч кунда ярим миллиондан ортиқ араб томошабинларини ўзига жалб этгани Ар-Риёз аҳолиси ва меҳмонларининг юртимизнинг бой маданий меросига бўлган катта қизиқишини намоён этди.

Тадбир дастуридан Ўзбекистон миллий мақом ва фольклор санъати усталари иштирокидаги концерт дастури бўлиб ўтди. Халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик рамзи бўлган ўзбек куй-қўшиқларига Ўзбекистон ва Саудия Арабистони санъаткорларнинг биргаликдаги чиқишлари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Ар-Риёз шаҳридаги катта экранларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, хусусан тарихий шаҳарларимиз, меъморий обидалар, ҳунармандчилик анъаналари ва гўзал табиати акс этган видеолавҳалар намойиш этилди. Ушбу видеолавҳалар Саудия аҳолиси ва меҳмонларида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий қиёфасини чуқурроқ англаш имконини беради.

Маданият кунлари доирасида ўзбекистонлик олимлар ва мутахассислар иштирокида маданий мерос, санъат, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Таниқли хаттот Ҳабибулло Солиевнинг ўзбек хаттотлик санъати усталарининг ислом ёзуви ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Саудия Арабистонида Ўзбекистон маданияти кунларининг ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги икки томонлама алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданият, туризм ва санъат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Саудия томони келгуси йилларда Ўзбекистонда ҳам шундай тадбирларни ўтказишдан манфаатдор эканлигини билдирди, бу мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алмашинув ва халқ дипломатиясини ривожлантиришда янги қадам бўлади.

 

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш