Logo

Aбдулла Қодирийнинг машҳур "Ўткан кунлар" романи қирғиз тилига ўгирилди

Апрель 16, 2025. 07:12 • 55 сония

225
Aбдулла Қодирийнинг машҳур "Ўткан кунлар" романи қирғиз тилига ўгирилди

БИШКЕК, 16 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси, атоқли ёзувчи Aбдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи қирғиз тилига таржима қилинди ва китоб шаклида чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бишкек шаҳрида илк маротаба қирғиз тилида чоп этилган "Ўткан кунлар" романининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси ва Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир нафақат адабиёт байрами, балки миллатлараро дўстликнинг ёрқин намунасига айланди.

Романнинг қирғиз тилидаги таржимаси ёзувчи ва таржимонлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан амалга оширилди. Асосий таржима ишларини адабиётшунос ва таржимон Учқун Абдулазизов бажарган.

Адабий кечада Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Иманалиев, Қирғизистон халқ шоири Маркабай Ааматов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Бегижон Аҳмедов, Керимбек Қодирахунов, Абибилла Пазилов ва бошқалар сўзга чиқиб, "Ўткан кунлар" романининг қирғиз тилига ўгирилгани тарихий воқеа бўлганини ва ушбу асарни қирғиз халқи севиб мутолаа қилишини таъкидладилар.

Ўзбек адабиётининг дурдона асарларидан бири бўлган "Ўткан кунлар" романининг Бишкекдаги тақдимоти қардош қирғиз ва ўзбек халқлари адабий алоқалари тарихидаги муҳим босқич бўлгани, шунингдек, сўз санъати, адабиёт ва маданият орқали халқларимизни янада яқинлаштириш, умумий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги навбатдаги қадам бўлгани қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш