Logo

Ўзбекистон созандалари III Фужайра халқаро уд форумида фаол иштирок этишди

Май 11, 2025. 12:28 • 54 сония

126
Ўзбекистон созандалари III Фужайра халқаро уд форумида фаол иштирок этишди

АБУ-ДАБИ, 12 май. /"Дунё" АА/.  Ўзбекистон мусиқа санъати вакиллари III Фужайра халқаро уд форумида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Фужайра Бадиий санъат академияси томонидан "Бир уд – турли маданиятлар" шиори остида ташкил этилган форумнинг очилиш маросимида элликдан ортиқ турли миллат вакилларидан иборат бадиий жамоалар ўз дастурларини тақдим этди.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли онларидан бири испан фламенкоси, рок ва шарқ мусиқаси, шунингдек, ҳинд, ўзбек, озарбайжон ва турк услублари мужассамлашган яхлит мусиқий композиция ижроси бўлди. Мазкур композицияси турли маданиятлар руҳини ва мусиқанинг халқлар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини акс эттирди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон вакили Асадбек Холматов томонидан доирада ижро этилган испан фламенкоси томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

Форум давомида иштирокчилар яккахон ва жамоавий чиқишларини тақдим тақдим этишди. Шунингдек, уд чолғу асбоби тарихи ва услубларига бағишланган семинар ҳамда маҳорат дарслари ўтказилди.

Ташкилотчиларга кўра, форум йилдан йилга мусиқашунослар ва ижодкорлар учун муҳим майдонга айланиб бормоқда.

Фужайра Бадиий санъат академияси бош директори Али Убайд Ал Ҳафитий Ўзбекистон томонига форумдаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди ва келгусида ўзаро маданий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш