Logo

Бирлашган Араб Амирликларида ЮНЕСКО ташаббусларида Ўзбекистоннинг иштирокига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

Апрель 24, 2025. 10:12 • 2 дақ

856
Бирлашган Араб Амирликларида ЮНЕСКО ташаббусларида Ўзбекистоннинг иштирокига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

АБУ-ДАБИ, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Бирлашган Араб Амирликларининг Анвар Гаргаш номидаги дипломатик академиясида "ЮНЕСКО ташаббусларида Ўзбекистоннинг ўрни ва барқарор тараққиёт йўлида БАА билан ҳамкорлик" мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Унда БАА вазирлик ва ташкилотлари, дипломатик корпус, илмий- академик доиралар вакиллари, Анвар Гаргаш номидаги дипломатик академия мутасаддилари, ОАВ ходимлари, шунингдек, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакиллари иштирок этди.

Анвар Гаргаш номидаги дипломатик академия директори Николай Младенов тадбир аввалидаги қутлов нутқида, мазкур анжуман муҳим паллада, яъни Ўзбекистон Президентининг шу йил январь ойида Абу-Дабига амалга оширган муваффақиятли ташрифи ва БАА Президентининг Ўзбекистонга кутилаётган илк тарихий ташрифи арафасида бўлиб ўтаётганига алоҳида урғу берди. Унинг айтишича, олий даражадаги ташрифларнинг мунтазамлик касб этаётгани икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

"ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиянинг жорий йил куз фаслида Самарқанд шаҳрида ўтказилишини қўллаб-қувватлайман. Шунингдек, ушбу муҳим тадбирга мезбонликнинг қўлга киритилишини Ўзбекистон раҳбариятининг улкан дипломатик ғалабаси, деб биламан", деди Николай Младенов.

 Тадбир давомида йиғилганлар эътиборига мамлакатимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маданий мероси ҳақидаги муҳим ахборотлар тақдим этилди.

 Давра суҳбатининг пленар қисмида иштирокчилар бир қатор муҳим мавзуларда тақдимот ўтказдилар. Хусусан, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сирил Заммит Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияга тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида батафсил  сўзлаб берди. Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовнинг "Ўзбекистон маданий меросини глобал миқёсда тарғиб қилишда ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари" номли маърузаси ҳам йиғилганларга катта қизиқиш уйғотди.

 Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маданий меросига бағишланган кўргазма ташкил этилди ҳамда ўзбек паловини тайёрлаш бўйича мастер-класс ўтказилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш