Logo

Ҳиндистонда ўзбек киноижодкорларининг янги бадиий фильми саҳналари суратга олинди

Июнь 24, 2025. 09:15 • 44 сония

109
Ҳиндистонда ўзбек киноижодкорларининг янги бадиий фильми саҳналари суратга олинди

ДЕҲЛИ, 24 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонлик киноижодкорлар "Омонатим" бадиий фильмининг Деҳли ва Агра шаҳарларидаги саҳналарини суратга олиш жараёнини якунлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Янги кинолойиҳа "Аббос медиа" студияси томонидан "Шифокор-82" ва Ҳиндистоннинг "Avantika Medex Pvt. Ltd" компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

"Омонатим" фильми ижодий гуруҳи замонавий жамият аъзоларининг дунёқараши, хусусан, ота ва фарзанд муносабатлари мавзусини ёритишни ўз олдига мақсад қилган.

Кинокартина тарбиявий аҳамият касб этувчи кўплаб драматик саҳналар ва мазмунли диалоглар асосига қурилган бўлиб, томошабинни катта ва ёш авлод вакиллари ўртасидаги алоқалар ҳақида фикр юритишга ундайди.

Фильм режиссёри – Аббос Абдуллаев. Беҳзод Муҳаммадкаримов, Раъно Зокирова, Наргиза Абдуллаева, Нурмамат Искандаров, бошқа таниқли ва ёш актёрлар турли образларни талқин қилмоқда.

Бугунги кунда янги бадиий фильм саҳналарини мамлакатимиз ҳудудлари, жумладан, Самарқанд, Хоразм, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида тасвирга олиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш