"Японияда Ўзбекистон маданияти кунлари" дастури доирасида Нагоя университетида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Май 05, 2025. 10:24 • 2 дақ
• 89
НАГОЯ, 3 май. /"Дунё" АА/. Нагоя шаҳрида "Абадий ришталар: Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ўрганиш" мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Юртимиз элчихонаси ташаббуси билан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Нагоя университети билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Нагоя университети президенти, доктор Наоши Сугияма, "Япония-Ўзбекистон" жамияти раиси Фумихико Като, Нагоя шаҳри расмий, бизнес, академик ва маданий доиралари вакиллари ҳамда Аичи префектурасида истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.
Нагоя университети президенти, доктор Наоши Сугияма ўз нутқида, шу йил ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Ўзбекистонда ўтказилиши муносабати билан университетда бундай тадбирнинг ўтказилиши шараф эканлигини билдирди.
"2019 йилда Ўзбекистон Президентининг Нагоя университетига ташрифи юртингиз олий таълим муассасалари билан таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратди. Ҳозирда ЮНЕСКО мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг равишда ҳуқуқшунослик, техника, соғлиқни сақлаш, маданиятшунослик, тарихшунослик каби йўналишларда фаол ва самарали академик лойиҳалар амалга оширилмоқда", деди у.
Элчи Мухсинхўжа Абдураҳмонов ЮНЕСКО Бош конференциясининг навбатдаги сессияси сўнгги 40 йил ичида илк маротаба бошқа давлат ҳудуди, яъни Ўзбекистонда ўтказилаётгани тарихий воқеа эканлигини, бундай юқори даражадаги тадбирнинг юртимизда ташкил қилиниши давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат ва халқаро ташаббуслар маҳсули эканини таъкидлади.
Шунингдек, Самарқанднинг ушбу жаҳон миқёсидаги тадбирни ўтказиш манзили сифатида танланиши мамлакатимизнинг маданият, фан ва таълим соҳасидаги ютуқлари ҳамда бой тарихий ва маданий меросининг юксак эътирофи бўлгани қайд этилди.
Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов Нагоя университети билан кўп йиллардан буён таълим, тадқиқот ва талабалар алмашинуви борасида яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилганини қайд этди. Ҳамкорлик доирасида нобель мукофоти лауреатлари профессорлар Ноёри ва Аманонинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди. Қайд этилишича, нобель мукофоти совриндорларининг Ўзбекистонга ташрифи ёшларимизни илмга, тадқиқотга ва маърифатга чорлашда катта кўмак берди.
"Япония-Ўзбекистон" жамияти раиси Фумиҳико Като ўз навбатида, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва унинг ижобий натижаларини юксак баҳолади.
Тадбир доирасида юртимиздан келган ижодий жамоалар иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Япониядаги маданият элчиси Машу Комазаки ўзбек миллий мусиқа асбоблари танбур, доира ва дуторда миллий ўзбек куйларини чалиб берди.
Анжуман давомида ўтказилган ўзбек миллий либослари, халқ амалий санъати буюмлари кўргазмаси, "Ўзбекистон миллий таомлари" фестивали ҳамда ўзбек халқининг бой маданий мероси, юртимиз сайёҳлик масканлари ҳақида тарқатда материаллар йиғилганлар эътиборини тортди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тожикистон театрида ўзбек спектакли намойиш қилинди
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди