Logo

Варшава шаҳрида Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган фотокўргазма очилди

Январ 23, 2024. 17:10 • 3 дақ

141
Варшава шаҳрида Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган фотокўргазма очилди

ВАРШАВА, 23 январь. /«Дунё» АА/. Варшавада таниқли польшалик саёҳатчи, этнограф ва ўлкашунос Леон Баршчевскийнинг ўзбек халқининг XIX аср охирига оид тарихига бағишланган фотокўргазмаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Кўргазма Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан Зигмунт Ян Румла номидаги шаҳар кутубхонаси ва Леон Баршчевскийнинг невараси ҳамда архиви эгаси Игорь Строецкий билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, Леон Баршчевский 1876 йилдан бошлаб Самарқандда 21 йил яшаган. Ушбу йиллар давомида ўзбек халқининг анъана ва урф-одатларини, ўша даврдаги тарихий воқеаларни акс эттирувчи 3 мингдан ортиқ фотосуратлар олган.

Кўргазма ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, анъаналари, халқ амалий санъати ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан таништиришга бағишланган.

Очилиш маросимида маданият марказлари, маҳаллий шаҳар музейи раҳбарияти ва ходимлари, маданият ва санъатшунос олимлар, Польшанинг машҳур амалий санъат усталари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Варшавада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари қатнашди.

Иштирокчилар республикамизнинг замонавий тараққиёти, салоҳияти ва туризм имкониятлари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар.

Тадбир доирасида «Ўзбекистон кеча ва бугун» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Юртимиз, тарихий шаҳарларимиз, меъморий обидаларимиз ҳақида намойиш этилган видеофильмлар намойиш этилда, улар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Санъатшунос олимлар, музей ходимлари, Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи ва маданиятига қизиқувчи санъат ихлосмандларининг юқори эътиборини жалб этаётган кўргазма 20 февралгача давом этади.

Кўргазма ташкилотчиси, Леон Баршчевскийнинг набираси ва архивининг эгаси Игорь Строецкий:

- Бугун биз Варшавадаги кутубхонада Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазмани очилиш маросимида қатнашдик. Шунингдек, ушбу кўргазмада Ўзбекистон бўйлаб саёҳатим давомида олинган фотосуратлар ҳам ўрин олган.

Тадбирга келганлар Ўзбекистон тарихи, миллий кийимлар, жумладан чопонлар, сўзаналар ва бошқа муҳим экспонатларни кўришлари мумкин.

«Осиё ва Тинч океани» музейининг Ўзбек коллекциялари бўлими раҳбари Каралина Кшивицка:

- Бу ерга биз ажойиб фотограф Леон Баршчевскийнинг XIX аср охирларига тегишли Бухоро амирлиги ва Самарқандга бағишланган кўргазмасини очилиш маросимида иштирок этиш учун келдик.

Леон Баршчевскийнинг набираси Игорь Строецкий томонидан ташкил этилган кўргазмада, биринчи навбатда, Леон Баршчевскийнинг XIX аср охиридаги эски Самарқанд дунёсини тасаввур қилишимиз мумкин бўлган фотосуратларини кўришимиз мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг миллий матоларини ва ўзига хос анъанавий сўзаналари, миллий кийим ва сувенирлар ҳам томошабинга катта қизиқиш уйғотади.

Мен Ўзбекистонга саккиз марта бўлганман. Сўнгги марта 2023 йилда Игорь Строецкий билан «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро конгрессида қатнашдик.

Сизга ҳам ушбу кўргазмага ташриф буюришингизни маслаҳат бераман. Шу билан бирга, мен Сизни Ўзбекистонга тегишли энг йирик коллекцияларга эга «Осиё ва Тинч Океани» музейига ҳам таклиф этаман.

Варшава шаҳридаги Вистула университети талабаси Жавоҳир Рахимов:

- Бугун Варшавада Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиз тарихи, маданиятини Польша фуқароларига ва фаолларини яқиндан таништириш мақсадида ўтказилаётган кўргазмада иштирок этдик. Биз Польшада таълим олаётган ўзбек ёшлари бу каби тадбирларнинг ўтказилишидан жуда хурсандмиз.

Польшада истиқомат қилаётган ватандошимиз Наргиза Ибрагимова:

- Польшада Ўзбекистонга бағишланган кўргазманинг очилиш маросими жуда чиройли тарзда бўлиб ўтди. Мен анча йиллардан бери Польшада истиқомат қиляпман. Ушбу кўргазма ҳақида эшитиб, қизим билан келдим. Қизим кўргазмани кўриб, ўзбек миллатини Польшада таништирилаётганидан жуда хурсанд бўлди.

Бундай маданий тадбирларни нафақат Варшавада балки Польшанинг бошқа шаҳарларида ҳам ташкил этилишига умид қиламиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш