Япониянинг “Nasrin” ансамбли ўзбек рақс санъатини тарғиб қилмоқда
Ноябрь 06, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 219ТОКИО, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида “Nasrin” япон рақс ансамбли вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида жамоа фаолияти, уларнинг япон жамоатчилиги ўртасида ўзбек рақсларини кенг тарғиб қилиш борасидаги ташаббуслари ва истиқболли ижодий лойиҳалар муҳокама қилинди.
Йокогама шаҳрида 2021 йилда ташкил этилган “Nasrin” ансамбли Япониядаги халқаро маданий тадбирлар ва фестивалларда мунтазам иштирок этиб келади. Гуруҳ 2025 йилда “EXPO 2025” умумжаҳон кўргазмасида чиқиш қилган бўлса, 2026 йил апрель ойида Хива шаҳрида ўтказилган III Халқаро “Лазги” рақс фестивалида қатнашиб, “Томошабинлар меҳри” номинацияси ғолиби бўлган.
Учрашувда ансамбль аъзоларининг ўзбек рақс мактаблари, хусусан, Фарғона водийси ва Хоразм анъаналарни ўрганишига алоҳида эътибор қаратилди. Санъаткорлар 2026 йилда Ўзбекистонга амалга оширган сафари чоғида миллий рақс санъати усталаридан сабоқ олганлар.
Элчихона кўмагида ансамбль аъзоларининг Ўзбекистон маданиятига бағишланган тадбирлар ва халқаро фестиваллардаги иштирокини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2027 йилда Йокогама шаҳрида бўлиб ўтадиган “GREEN-EXPO 2027” халқаро кўргазмасида ўзбек рақсларини намойиш этиш имконияти кўриб чиқилди.
Яна бир муҳим ташаббус сифатида гуруҳ репертуарига Наманган вилоятининг маданий анъаналарига бағишланган “Наманган олмалари” рақсини киритиш масаласи белгиланди. Бу лойиҳа Канагава префектураси ва Наманган вилояти ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Японияда ўзбек миллий маданиятини тарғиб қилиш, халқ дипломатиясини ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



