Logo

Жанубий Кореянинг машҳур телекомпанияси ўзбек зардўзлик ва заргарлик санъати ҳақидаги махсус кўрсатувни намойиш этди

Январ 11, 2024. 11:30 • 2 дақ

180
Жанубий Кореянинг машҳур телекомпанияси ўзбек зардўзлик ва заргарлик санъати ҳақидаги махсус кўрсатувни намойиш этди

СЕУЛ, 11 январь. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореянинг машҳур «KNN» телекомпанияси ўзбек зардўзлик, заргарлик ва каштадўзлик санъатига бағишланган махсус кўрсатувни суратга олди ва намойиш этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу дастур ўзбек зардўзлик ва заргарлик намуналарини миллий бренд сифатида халқаро миқёсга олиб чиқиш, халқимиз миллий маданияти анъаналарини намойиш этиш орқали мамлакатимизга Жанубий Кореядан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида тайёрланди.

«Hande Made» номи остида эфирга узатилган кўрсатувда Ўзбекистонда ҳунармандчиликнинг қадимий турларидан бири бўлган зардўзлик – зар ип билан нақш (кашта) тикиш сир-асрорлари, унинг турлари, тарихи ҳамда халқлар орасида оммалашиши ҳақидаги муҳим маълумотлар томошабинлар эътиборига тақдим этилган.

Ўзбекистонга сафар давомида «KNN» телекомпанияси ижодкорлари Бухоро шаҳридаги машҳур зардўз ва заргарлар устахоналарида бўлиб, ҳунармандлар билан суҳбатлар қурдилар. Миллий зардўзлик, заргарлик ва каштадўзлик каби санъат намуналарини тасвирларга муҳрладилар.

«Ўзбекистонга ташриф буюрган нафақат Жанубий кореяликлар, балки бошқа хорижий сайёҳлар Шарқнинг гўзал аёллари томонидан яратилаётган ҳақиқий санъат асарларини кўриб тасанно айтишлари табиий, - дея изоҳ беради «KNN» мухбири. - Зардўзлик кийимлари ҳозирги кунда хотин-қизларнинг миллий либосига айланиб бормоқда. Нафосатга бой ўзбек хотин-қизлари машаққатли меҳнат орқали нодир асарлар яратиб, зардўзлик санъати ривожига катта ҳисса қўшмоқда».

Дастур бошловчиси айтганидек, моҳир ўзбек зардўзлари бу санъатни янада ривожлантириб, инсониятга эстетик завқ бағишлашда давом этадилар. «Ўзбек зардўзлик ва заргарлик намуналарини миллий бренд сифатида халқаро миқёсга олиб чиқиш мамлакатга кўплаб хорижий сайёҳларни жалб қилишда муҳим роль ўйнади», - дея таъкидланган «Hande Made» кўрсатуви якунида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш