Ўзбекистонлик спортчи Токида ўтган “ONE Samurai 1” халқаро турнири ғолиби бўлди
Май 02, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 886ТОКИО, 2 май. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтида аралаш якка кураш бўйича нуфузли “ONE Samurai 1” халқаро турнири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Турнир доирасида ўзбекистонлик аралаш яккакураш устаси Авазбек Холмирзаев амалдаги жаҳон чемпиони, таниқли япон спортчиси Юи Вакамацуга қарши октагонга кўтарилди. Томошабинларнинг катта эътиборини тортган кескин кечган жангда Авазбек Холмирзаев ўзининг юксак тайёргарлиги, зарбаларининг тезлиги ва аниқлигини намойиш этиб, устунликка эришишга муваффақ бўлди.
Иккинчи раундда у рақибига кучли ва кутилмаган зарба бериб, нокаутга учратди ҳамда “ONE Flyweight MMA” дивизионида жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган учрашувда Авазбек Холмирзаев ўз ғалабаси нафақат шахсий ютуғи, балки ўзбек яккакураш мактабининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг эътирофи эканини таъкидлади. У ушбу натижага мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилганини таъкидлаб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, спортчи келгусида ҳам ўзбекистонлик атлетларнинг жаҳон аренасидаги рақобатбардошлигини оширишга, нуфузли халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

