“London Post”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
Апрель 19, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 194
ЛОНДОН, 19 апрель. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг нуфузли “London Post” нашрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг маълум қилишича, 2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази расман “Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида тан олиниб, Guinness World Records (Гиннеснинг рекордлар китоби) махсус мукофотига сазовор бўлди.
Тантанали маросимда Гиннеснинг рекордлар китоби расмий вакили ва ҳаками Шейда Субаши иштирок этиб, Марказ барча халқаро стандартларга тўла жавоб беришини алоҳида таъкидлаган.
Мақолада таъкидланишича, ушбу муҳташам мажмуа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик мега-лойиҳаси бўлиб, унга 2017 йилда тамал тоши қўйилган ва 2026 йил 17 мартда тўлиқ якунланган. Марказ Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос маданий-маърифий платформаси бўлиб, унда илмий салоҳият, маданий мерос ва замонавий технологиялар ягона маконда мужассамлашган.
Guinness World Records вакили Шейда Субаши ўз нутқида Марказдаги ҳар бир экспонат ислом археологияси, санъати ва фани бўйича мутахассислар томонидан синчковлик билан ўрганилганини ва бу мажмуа ҳайратланарли эканини таъкидлади.
Марказ бош архитектори Абдуқаҳҳор Турдиевнинг фикрича, бино меъморчилиги Ўзбекистоннинг бой маданиятини акс эттириш билан бирга, мамлакатнинг цивилизациялараро глобал мулоқотдаги етакчи ролини ҳам намойиш этади.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ушбу мукофот Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий адолатни тиклаш ва ислом динининг эзгулик, тинчлик ҳамда маърифат дини эканини дунёга тарғиб этиш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатларига берилган халқаро баҳо эканини қайд этди. Бугунги кунда Марказ минтақадаги энг гавжум масканлардан бирига айланиб, ҳар куни 5 мингга яқин маҳаллий ва хорижий меҳмонларни қабул қилмоқда.
“London Post” нашрининг хулоса қилишича, Ислом цивилизацияси марказининг Гиннес рекордчисига айланиши Ўзбекистоннинг жаҳон туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатни ислом илм-фани ва маданиятининг энг муҳим марказларидан бири сифатида қайта кашф этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси