Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президенти Мурожаатномасининг асоси «инсон қадри – маҳалла – фаровонликнинг ошиши» тамойили атрофида шаклланган
Январ 05, 2026. 09:42 • 2 дақ
• 244ИСЛОМОБОД, 5 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «Islamabad Post», «Centre Line» ва «Times of Central Asia» каби оммабоп оммавий ахборот воситалари «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йилга мўлжалланган Мурожаатномасининг лингвистик таҳлили» сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда маълум қилинганидек, 2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномани тақдим этди. Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан давлат раҳбарининг чиқишини лингвистик контент-таҳлили амалга оширилди. Таҳлил замонавий лингвистик усуллар қўлланилган ҳолда амалга оширилиб, маъновий акцентлар, асосий тушунчалар ва уларнинг ўзаро боғлиқликларини аниқлашга қаратилган. Шунингдек, давлат сиёсатининг устувор йўналишларини яққол акс эттирадиган «сўзлар булути» ва диаграммалар тайёрланди.
«Ўзбекистон Президенти Мурожаатномасида жами 9 135 та сўз қўлланган. Лингвистик таҳлил натижаларига кўра, маърузада «маҳалла» (49 марта), «аҳоли» (35 марта), «иқтисодиёт» (28 марта), «бозор» (26 марта), “лойиҳа” (25 марта), «технология» (22 марта), «таълим», «натижа» ва «даромад» сўзлари ҳар бири 20 мартадан, «тадбиркор» ва «саноат» (19 мартадан), «сув» (18 марта), «электр» ва «ҳудуд» (17 мартадан), «ёшлар», «инфратузилма» ва «қурилиш» (16 мартадан) ишлатилган. Шунингдек, таҳлилда икки ва уч сўзли бирикмалар ҳам батафсил ўрганилган», — дейилади мақолаларда.
Қайд этилишича, таҳлил давлат сиёсатининг марказида келгуси беш йил учун аниқ стратегик вазифалар билан бирга маҳалла, аҳоли фаровонлиги ҳамда иқтисодий ва технологик ўзгаришлар асосида ривожланишнинг янги босқичига ўтиши турганини кўрсатади.
Шунингдек, тақдим этилган таҳлилда Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги давлат сиёсатининг турли йўналишлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кўрсатувчи асосий сўзлар ажратиб кўрсатилган.
Хусусан, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш давлат сиёсатининг марказий элементи сифатида баҳоланиб, хомашёга асосланган моделдан юқори технологияли саноатга ўтишни назарда тутади. Бу йўналиш «инвестиция», «технология», «бозор» ва «маҳсулот» каби тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ.
Лексикани йўналишлар бўйича структуралаш натижаларига кўра, нутқ марказида иқтисодиётни технологик модернизация қилиш ҳамда «маҳаллабай» тизимига асосланган инсонга йўналтирилган бошқарув модели тургани аниқланди.
Нашрларда қайд этилишича, ташқи сиёсат блокида Ўзбекистоннинг очиқлиги, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва глобал иқтисодий тизимга интеграциялашуви таъкидланган.
«Лингвистик таҳлил давлат раҳбарининг ушбу чиқишининг асоси ислоҳотлар мақсади барқарор ўсиш, аҳоли ҳаёт сифатини ошириш ва Ўзбекистон позицияларини янада мустаҳкамлаш сифатида «инсон қадри – маҳалла – фаровонликнинг ошиши» боғланмаси атрофида шаклланганини тасдиқлайди», – дейилади мақолалар хулосасида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

