Покистон ОАВ: Ўзбекистон учун Грузия Европа бозорига чиқишда денгиз дарвозаси вазифасини бажармоқда
Июль 02, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 118
ИСЛОМОБОД, 2 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг марказий “Associated Press Of Pakistan” ахборот агентлигида “Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон ва Грузия ҳамкорлиги” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон ва Грузия Евроосиёнинг муҳим транспорт йўлаклари чорраҳасида жойлашган бўлиб, бир-бирини тўлдирувчи географик ўринга эга. Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун Грузия Қора денгиз портлари орқали Европа бозорларига чиқишда муҳим денгиз дарвозаси вазифасини бажаради.
Грузия учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик Хитой ва Жанубий Осиёнинг жадал ривожланаётган бозорларига чиқиш имконини яратади. Бу ўзаро уйғунлик транспорт ва логистика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Мақолада таъкидланишича, ушбу ҳамкорликда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги марказий ўрин тутади ва унда Ўзбекистон ҳамда Грузия алоҳида аҳамият касб этади. 2025 йил якунига келиб мазкур йўналишда барқарор ўсиш кузатилди: ушбу йўлак орқали ташилган Ўзбекистон юклари ҳажми икки баробар ошиб, 1,2 миллион тоннага етди.
Ўзбекистон ва Грузия темир йўл транспортида энг юқори ўсиш суръатларини намоён этди. 2025 йилда икки мамлакат ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 53,1 минг тоннага етди, бу ўтган йилга нисбатан 56 фоизга кўпдир. Экспорт ҳажми 71 фоизга, импорт 65 фоизга, транзит ташувлар эса 49 фоизга ошди. Бу мазкур йўналишда ҳали тўлиқ ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Икки мамлакат ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини ва улар ҳудуди орқали транзитни оширишнинг асосий воситаси Осиё–Тинч океани минтақаси мамлакатлари — Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ҳамда Европани боғловчи халқаро CASCA+ йўналишидир. Мазкур йўналишни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонда Мувофиқлаштирувчи қўмита ташкил этилди, томонлар эса транзит контейнер поездларини ташкил этиш учун масъул логистика компанияларини белгилади.
Материалда икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатновлари жадал ривожланаётгани қайд этилган. Айни пайтда “Тошкент–Тбилиси” ва “Тошкент–Батуми” йўналишлари бўйича мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон авиакомпаниялари Грузияга ва Грузиядан жами 608 та мунтазам ҳамда чартер рейсни амалга оширди, бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўпдир. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида эса рейслар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробарга ошди.
Ҳамкорликнинг стратегик истиқболлари Ўзбекистон фаол иштирок этаётган йирик темир йўл лойиҳалари билан белгиланмоқда. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиши Хитойдан Марказий Осиёга ва Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказга энг қисқа қуруқлик йўлини яратади.
Ушбу мақола Покистоннинг “Daily Independent” ва “The World News” нашрларида ҳам чоп этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси