Машҳур Британия реалити-шоусининг янги мавсуми Ўзбекистонда ҳам суратга олинади
Май 04, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 188
ЛОНДОН, 6 май /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “BBC One” телеканали “Race Across the World” (“Дунё бўйлаб пойга”) саргузашт реалити-шоусининг олтинчи мавсуми бошланганини эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Реалити-шоусининг янги мавсуми Европа ва Осиёни боғлайдиган Буюк Ипак йўли бўйлаб, хусусан, Ўзбекистонда ўтказилади.
Шоу сюжетига кўра, беш жуфтликдан иборат иштирокчилар (дўстлар, оила аъзолари ёки қариндошлар) белгиланган манзилга энг тез етиб бориш учун мусобақалашади. Бироқ улар самолётдан фойдалана олмайди, интернет ва мобил алоқа воситаларисиз ҳаракатланади.
Иштирокчилар чекланган бюджет билан 12 минг километрга яқин масофани 51 кун ичида босиб ўтиши керак. Ҳар бир жамоага одатда самолёт чиптаси қийматига тенг маблағ берилади ва улар ушбу маблағни йўл, овқат ва яшаш харажатларига тежамкорлик билан сарфлайди.
Маршрут Италиянинг Палермо шаҳридан бошланиб, Греция, Туркия, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали ўтиб, Мўғулистондаги Хубсугул кўлида якунланади. Иштирокчилар йўлни мустақил режалаштиради, транспортни ўзлари танлайди ва натижага таъсир қилувчи муҳим қарорлар қабул қилади.
Лойиҳа ижодкорларининг таъкидлашича, Ўзбекистон пойганинг асосий босқичларидан бири ҳисобланади. Мавсумда Буюк Ипак йўлининг тарихий ва маданий маркази бўлган Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон ҳудудида суратга олиш ишлари бир нечта жойларда, жумладан “Замин” миллий боғи, шунингдек Бухоро ва Хива тарихий шаҳарларида бўлиб ўтади. Айрим эпизодлар Нукус шаҳрида ҳам суратга олинади.
Мутахассислар фикрича, табиий ландшафтлар, қадимий тарих ва замонавий ҳаёт уйғунлиги Ўзбекистонни йўналишнинг энг ёрқин босқичларидан бирига айлантиради.
Лойиҳа халқаро аудиторияга кенг узатилади ва миллионлаб томошабинларга эга. Экспертлар таъкидлашича, бундай телелойиҳалар намойиши туризмга бўлган қизиқишни сезиларли даражада оширади.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда британиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бормоқда. Хусусан, 2026 йил биринчи чорагида Британиядан келган туристлар сони 42 фоизга ошган.
“Дунё бўйлаб пойга” шоуси анъанавий равишда саргузашт, стратегия ва инсоний драма элементларини уйғунлаштириб, иштирокчиларнинг чекланган ресурслар шароитида турли маданий ва жисмоний синовларни қандай енгиб ўтишини намойиш этади.
Янги мавсум лойиҳа тарихидаги энг мураккаб мавсумлардан бири бўлиб, қатнашчилар Ўрта ер денгизидан тортиб Мўғулистоннинг оғир табиий шароитларигача бўлган кенг географик ҳудудларда синовдан ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси