Покистонда “News Letter Uzbekistan” журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашр қилинди
Апрель 19, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 77ИСЛОМОБОД, 19 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ва мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги туризм бренди элчиси ташаббуси билан “News Letter Uzbekistan” журналининг махсус сони нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“News Letter Uzbekistan” журнали Покистонда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизнинг бой тарихий ва маданий мероси, улкан туризм салоҳияти, халқаро экспертлар томонидан тайёрланган таҳлилий материалларни кенг ёритишга ихтисослашган. Журнал ҳар чоракда бир марта инглиз тилида нашр этилади.
Мазкур сонда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, халқаро майдонда илгари сурилаётган муҳим ташаббуслар, Ўзбекистоннинг маданий-маърифий ва тарихий мероси ҳақидаги мақолалар ўрин олган.
Шу билан бирга, журнал саҳифаларида Ўзбекистон Президентининг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган тарихий ташрифи, унинг доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, эришилган келишувлар ҳақидаги материалар босилган.
Бундан ташқари, нашрда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятида қайта тикланган Имом Бухорий мажмуаси, юртимизнинг туризм соҳасида амалга оширилаётган янгиланишларга бағишланган туркум мақолалар ҳам жой олган. Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳам алоҳида ёритилган.
Журналда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев билан эксклюзив интервью ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган. Унда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, савдо-иқтисодий, сиёсий, тарихий, маданий-гуманитар ва туризм алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида атрофлича фикр билдирилган.
“News Letter Uzbekistan” журналининг жорий йилдаги биринчи махсус сони 36 бетдан иборат бўлиб, у Ўзбекистоннинг халқаро имижини мустаҳкамлаш ва Покистон билан икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



