ГФРдан муносабат: Германия Марказий Осиёда сув танқислиги муаммосини бартараф этишда ҳамкорлик қилади
Сентябрь 22, 2024. 11:45 • 2 дақ
• 266
БЕРЛИН, 22 сентябрь. /"Дунё" АА/. Германиялик исломшунос, "Cultur-Cooperation International e.V" ташкилоти раҳбари Кэтлин Гёбел "Дунё" АА учун интервьюсида Германия Канцлери Олаф Шольцнинг 17 сентябрь куни Остонада бўлиб ўтган "Марказий Осиё+Германия" иккинчи саммити ҳақидаги фикрлари билдирди:

– Остонада бўлиб ўтган "Марказий Осиё + Германия" иккинчи саммити Германиянинг минтақадаги мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди, деб ўйлайман.
Канцлер Олаф Шольцнинг минтақада энергетика хавфсизлиги, саноат ривожланиши ва қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари Германиянинг ушбу стратегик шерикчиликка бўлган интилишини тасдиқлайди.
Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги, транспорт ва "яшил" энергия соҳаларида Германия билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги таклифлари эътиборга молик. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергияни Каспий денгизи орқали Европага етказиб бериш лойиҳасида иштирок этиши минтақадаги барқарор ривожланишга хизмат қилади.
Мени ўзига жалб этган энг муҳим масалалардан яна бири Марказий Осиёдаги сув муаммоси бўлди. Маълумки, минтақадаги музликлар охирги йилларда 16 фоизга қисқарган, ва аср охиригача бу рақам 80 фоизга етиши мумкин. Иқлим ўзгариши туфайли сув танқислиги Марказий Осиё учун катта хавф туғдиради. Германиянинг бу муаммони ҳал қилишдаги иштироки минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланишга ёрдам беради. Энергия ва сув тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали сувга бўлган талабни барқарор даражада қондириш мумкин, бу эса Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Германиянинг ўзбекистонликлар учун виза олиш жараёнини соддалаштириши ва 800 нафар ўзбекистонлик ҳамшираларни ГФР шифохоналарида иш билан таъминлаш режаси икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йўналишларида амалий қадам бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг "Марказий Осиё – Германия" таҳлил марказлари форумини ташкил этиш ва унинг биринчи мажлисини келгуси йили немис-меннонитлар жамоаси яшаган қадимий Хива шаҳрида ўтказиш таклифи, минтақавий мулоқот ва ҳамкорликни чуқурлаштиришда катта аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида