Ўзбекистон ва Швеция савдо ҳамда техник тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Апрель 17, 2026. 11:01 • 2 дақ
• 243ТОШКЕНТ, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Шу кунларда Швеция Миллий савдо кенгаши (Kommerskollegium) директори ўринбосари Сара Санделиус бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Швеция делегацияси Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Савдони ривожлантириш компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Мулоқотлар марказида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш, техник тартибга солиш тизимини халқаро андозаларга мослаштириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Швед экспертлари иштирокида маҳаллий экспортчи корхоналар ва соҳа мутахассислари учун икки кунлик ўқув-семинари ташкил этилгани ташрифнинг амалий аҳамиятини янада оширди. Семинар давомида халқаро техник регламентларни амалиётга жорий этиш, савдо сиёсатини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда Европа бозорларига чиқиш учун зарур бўлган техник талаблар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Швеция ўртасида савдо сиёсати, техник тартибга солиш ва экспортни рағбатлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Швециянинг савдо соҳасидаги бой тажрибаси Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий тизимга интеграциялашувида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.
Делегациянинг мамлакатимиздаги ташрифи ва учрашувлари давом этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


