Logo

Тошкентда экспертлар Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги маслаҳат мулоқотини ривожлантиришни муҳокама қилдилар

Апрель 17, 2026. 12:00 • 2 дақ

103
Тошкентда экспертлар Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги маслаҳат мулоқотини ривожлантиришни муҳокама қилдилар

МОЗОРИ-ШАРИФ, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Афғонистондаги “Ariana news” телеканали порталида Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу мақола шу йил 14 апрель куни Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти томонидан ўтказилган “Иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш” мавзусидаги давра суҳбати якунларига бағишланган.

Тадбирда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг Учинчи сиёсий бошқармаси раҳбари ва Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдулхай Канит иштирок этди. Шунингдек, унда Ўзбекистон ва Афғонистон вакиллари, дипломатлар, таҳлил марказлари мутахассислари ҳамда минтақавий экспертлар қатнашди.

Мақолада ёзилишича, муҳокамалар давомида иштирокчилар Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда маслаҳатлашув мулоқотининг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлаган. Улар бу музокаралар келажакда ҳам икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов яқинда Кобулда ушбу мулоқот бошланганини юқори баҳолаб, уни Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида амалий ва конструктив алоқаларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам деб атади. У шунингдек, таҳлил марказлари сиёсий жараёнларни эксперт хулосалари ва амалий таклифлар орқали қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Абдулхай Канит эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди. У Тошкентнинг иқтисодий ёндашувини Афғонистон билан янада самарали ва амалий ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қиладиган омил сифатида баҳолади.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, экспертлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди. Таъкидланишича, Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги бундай мулоқот минтақада барқарорлик ва иқтисодий интеграцияни таъминлашда муҳим платформа ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш