Тошкент ва Қобул тиббиёт ҳамда фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Апрель 12, 2026. 11:07 • 2 дақ
• 296
ОСТОНА, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Check-point.kz” ахборот-таҳлил порталида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқаларнинг янги босқичига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Маулви Нур Жалол Жалолий ўртасида бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари муҳокама қилинди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони Афғонистон билан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш йўлида шерикликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Музокаралар марказида фармацевтика маҳсулотлари савдосини ривожлантириш, афғонистонлик беморларнинг Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида даволаниши учун қулай шароитлар яратиш ҳамда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш масалалари турди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида аввал имзоланган англашув меморандумини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси кўриб чиқилди.
Мақолада қайд этилишича, учрашувда Афғонистон фармацевтика тармоғига инвестицияларни жалб қилиш ва соҳадаги мувофиқлаштириш ишларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Вазир Жалолий дори воситалари сифатини таъминлаш ва стандартлаштирилган тиббий хизматларни йўлга қўйиш аҳоли саломатлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Check-point.kz”нинг хулоса қилишича, мазкур учрашув Тошкент ва Қобулнинг тиббиёт соҳасидаги ўзаро мажбуриятларини мустаҳкамлаш, хизматлар сифатини ошириш ва мутахассислар алмашинувини фаоллаштириш йўлидаги қатъий интилишларини ифодалайди. Бу каби ҳамкорлик минтақада тиббий хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси