Покистон Президенти Ўзбекистон элчисини қабул қилди
Апрель 17, 2026. 10:55 • 3 дақ
• 215
ИСЛОМОБОД, 17 апрель. /“Дунё” АА/. Покистон Президенти Асиф Али Зардорий Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевни қабул қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот аввалида Покистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни мамнуният билан қайд этди.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган олий даражадаги давлат ташрифи ҳамда икки давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувлар Ўзбекистон–Покистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, уни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани алоҳида таъкидланди.
Президент Асиф Али Зардорий Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказишни сўради.
Турли даражалардаги алоқалар анча фаоллашгани мамнуният билан таъкидланди. Жумладан, сўнгги вақтларда турли даражадаги алоқалар, жумладан парламентлараро ва ҳудудлараро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Томонлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам бир-бирини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатларимиз муносабатларни, энг аввало савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга.
Учрашув чоғида Ўзбекистон–Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш мақсадида уни диверсификация қилиш, бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда савдони енгиллаштириш механизмларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Бизнес-тузилмалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, устувор тармоқларга инвестициялар жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий иқтисодий интеграцияни ривожлантиришда транспорт ва коммуникация алоқаларининг ҳал қилувчи аҳамияти қайд этилди. Шунингдек, томонлар Покистоннинг Гвадар порти ва Карачи порти орқали Ўзбекистон юкларини жаҳон бозорларига етказиб бериш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Покистон Президенти Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлашини билдирди. Умумий транспорт ва иқтисодий мақсадларга эришиш учун минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлиги алоҳида урғуланди.
Ўз навбатида, дипломат самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон томони Покистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни барча йўналишларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида барча имкониятлар сафарбар этилиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси