Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси юртимиздаги техникумларга хорижий тиллардаги адабиётларни тақдим этди
Март 24, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 145
ИСЛОМОБОД, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Покистондаги элчихонаси томонидан юртимиздаги 33 та касб-ҳунар техникумига инглиз ва урду тилларидаги китоб ҳамда журналлар етказиб берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташаббус мамлакатимиз ёшларининг билим ва кўникмаларини замон талаблари асосида ривожлантириш, касб-ҳунар техникумларида таълим сифатини ошириш мақсадида уюштирилди.
Шу мақсадда элчихонага бириктирилган Нукус, Жиззах, Каттақўрғон шаҳарлари, шунингдек, Яккасарой, Миришкор, Олот, Избоскан, Хонобод ва Данғара туманларида жойлашган жами 33 та техникум билан самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.
Техникумлар раҳбарлари билан ўтказилган мулоқотлар давомида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқланди. Жумладан, онлайн дарсларни ташкил этиш, хорижий тиллар ўқитиладиган махсус хоналарни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўқувчиларни зарур ўқув қўлланмалари ва адабиётлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, хорижий тилларни, айниқса инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқишни оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, ўқитувчилар малакасини ошириш, хорижий мутахассислар иштирокида мунтазам онлайн машғулотлар ташкил этиш, илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш каби муҳим йўналишлар ҳам белгиланди. Бу каби таълим дастурлари техникумларда таълим сифатини янада юксалтириш, педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон вакилларини Покистоннинг касбий таълим тизими тажрибаси билан яқиндан таништириш, техникумларда замонавий синф хоналарини методик жиҳатдан тўғри ташкил этиш, таълим алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро грантларни жалб этиш режалаштирилган.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Покистондаги нуфузли нашриётлар томонидан чоп этилган қарийб 2500 нусхадан иборат инглиз ва урду тилларидаги китоб ва журналлар Ўзбекистонга юборилди.
Мазкур адабиётлар техникумлардаги ўқув жараёнини мазмунан бойитиш, ўқувчиларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, мустақил таълим олиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда хорижий тилларда эркин мулоқот қилиш салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айни пайтда дипломатик ваколатхона томонидан техникумлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги таълим ташаббусларини амалга ошириш, шунингдек, таълим соҳасида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиши, ёшлар учун янада кенг имкониятлар яратилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси