2027 йилда Ўзбекистонда ҳалол маҳсулотлар халқаро кўргазмаси ўтказилиши мумкин
Март 24, 2026. 09:43 • 2 дақ
• 76
КУАЛА-ЛУМПУР, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) бош директори Абу Бакар Юсуф билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш учун янги Имтиёзли савдо тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
Корпорация раҳбари жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият туфайли Марказий Осиё мамлакат ташқи бозорини диверсификация қилишда устувор йўналиш сифатида қаралаётганини таъкидлади. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг стратегик имкониятларини юқори баҳолаб, мамлакатимизга минтақавий хаб сифатида қарашини билдирди.
Маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида 2026 йил сентябрь ойида Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳалол маҳсулотлар халқаро кўргазмаси (MIHAS) доирасида Ўзбекистон миллий павильонини юқори даражада ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Малайзия томони Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик ҳалол истеъмол бозорига эга эканини инобатга олиб, келгуси йилда Тошкентда “MIHAS” халқаро кўргазмасини ўтказиш имкониятини ўрганишга тайёрлигини билдирди.
Жорий йилда “MATRADE” бошчилигида Малайзия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга кўп тармоқли савдо ва инвестиция миссияларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар ушбу тадбирлар икки томонлама савдо ҳажмини кенгайтириш ва Малайзия компанияларининг Ўзбекистондаги инвестициявий иштирокини мустаҳкамлаш учун стратегик платформа бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси