Дональд Трамп Саудия Арабистони АҚШ билан ядровий келишув тузиш учун Исроилни тан олиши кераклигини айтди

Июль 24, 2026. 13:00 • 2 дақ

41
Дональд Трамп Саудия Арабистони АҚШ билан ядровий келишув тузиш учун Исроилни тан олиши кераклигини айтди
“Reuters” агентлиги сурати

ВАШИНГТОН–АР-РИЁЗ, 24 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони билан тинч атом соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув фақат Ар-Риёд “Иброҳим келишувлари”га қўшилган ва Исроилни тан олган тақдирдагина амалга оширилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Фуқаролик ядро энергетикаси бўйича келишув тўлалигича Саудия Арабистонининг “Иброҳим келишувлари”га қўшилишига боғлиқ”, – деб ёзди президент “Truth Social” ижтимоий тармоғида. Шунингдек, Дональд Трамп дастур фақат атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни назарда тутишини ва ядровий материалларни бойитишга йўл қўймаслигини таъкидлади.

“NBC News” телеканали хабарига кўра, Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт Президент бу позицияни Саудия Арабистони раҳбариятига бир неча бор етказганини қайд этди. “У агар улар “Иброҳим келишувлари”га қўшилмаса, ҳеч қандай битим бўлмаслигини айтган”, – дея маълум қилди матбуот котиби.

Саудия Арабистони ҳозирча Дональд Трампнинг баёнотига изоҳ бермади. Аввалроқ Ар-Риёз мустақил Фаластин давлати тузилмас экан, Исроилни тан олмаслигини бир неча бор таъкидлаган эди.

Шунингдек ўқинг

АҚШ Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, келишув тинч атом соҳасидаги ҳамкорлик шартномаси ва хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама битимни ўз ичига олади. Идора баёнотида айтилишича, ушбу ҳужжатлар фуқаролик ядро энергетикасини ривожлантириш ва ядро қуроли тарқалишининг олдини олишга қаратилган кўп миллиард долларлик узоқ муддатли шериклик учун ҳуқуқий асос яратади. Келишув имзолангач, АҚШ Конгрессига кўриб чиқиш учун юборилади.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Вашингтон ва Ар-Риёзнинг келишув тузиш режаларидан хабардорлигини ҳамда унинг амалга оширилиши устидан халқаро назоратни таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Президентнинг баёноти Яқин Шарқдаги беқарор минтақада ядровий технологияларнинг тарқалиш хавфидан огоҳлантираётган экспертлар ва бир қатор америкалик қонунчиларнинг танқидлари фонида янгради.

Исроилда эса АҚШ баёноти олқишланди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху девони Саудия Арабистонининг “Иброҳим келишувлари”га эҳтимолий қўшилишини “Яқин Шарқда тинчлик сари ташланган тарихий қадам” дея баҳолади. Шу билан бирга, Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Авигдор Либерман “Ҳар бир ҳарбий ядровий дастур фуқаролик дастуридан бошланади”, дея ўз хавотирини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш