“Echo Świdwina” газетаси: Ўзбекистон – тарихий мерос ва замонавий ислоҳотлар уйғунлигида тараққий этмоқда

Июнь 01, 2026. 10:25 • 2 дақ

56
“Echo Świdwina” газетаси: Ўзбекистон – тарихий мерос ва замонавий ислоҳотлар уйғунлигида тараққий этмоқда

ВАРШАВА, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг сиёсий доиралари ва дипломатик корпуси орасида оммабоп бўлган “Echo Świdwina” газетасида “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси ва келажак мамлакати” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон асрлар давомида жаҳон тарихида стратегик аҳамиятга эга бўлиб келган. Афсонавий Буюк Ипак йўлининг муҳим бўғини сифатида у Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприкка айланиб, цивилизацияларнинг иқтисодиёти, маданияти ва ғояларини ўзаро боғлаган. Бу мерос келажакка ишонч билан боқаётган, шиддат билан ривожланаётган ва интилувчан давлат – замонавий Ўзбекистоннинг ўзига хос маданий, лингвистик ва иқтисодий умумийлигини шакллантирган.

Мақола муаллифлари Ўзбекистоннинг демографик, таълим ва тарихий-илмий салоҳиятини очиб берар экан, унинг улкан табиий ресурслари, кенг ҳудуди ва жадал ўсиб бораётган аҳолисига алоҳида урғу беради. Мамлакат аҳолисининг ёш таркиби келажакдаги тараққиёт учун муҳим стратегик захира сифатида эътироф этилади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, давлатнинг таълим соҳасига устувор аҳамият қаратаётгани, жумладан, кенг кўламли сармоялар киритаётгани, мактаб таълими қамровини кенгайтираётгани, замонавий STEM йўналишларини ривожлантираётгани ҳамда олий ўқув юртларида таълимни давом эттириш имкониятлари яратилаётгани қайд этилган.

“Ўзбек маданиятида билим, илм-фан, санъат ва адабиёт ҳамиша юксак қадрланган. Буюк олимлар мероси миллий ўзликни англашнинг пойдевори ва келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда”, – дея таъкидланган нашрда.

Мақола хулосасида, изчил ислоҳотлар, иқтисодиётнинг модернизация қилиниши ва сармоявий муҳитнинг фаол ривожлантирилиши Ўзбекистонни халқаро бизнес учун тобора жозибадор ҳамкорга айлантираётгани қайд этилган. Янги молиявий ва ҳуқуқий институтларнинг ташкил этилиши ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг мустаҳкамланиши хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш